Муслимбек Йўлдошев Насиба Мақсудова билан узоқ йиллар Ўзбекистон телевидениесида, кейин “НТТ” телеканалида фаолият юритди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошев Насиба Мақсудова билан узоқ йиллар Ўзбекистон телевидениесида, кейин “НТТ” телеканалида фаолият юритди. Уни яқиндан биладиган инсонлардан бири. Муслимбек Йўлдошев бугун эрта тонгдан Насиба Мақсудовани хотирлаб, ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига у ҳақида пост ёзиб қолдирди.
“Насиба Мақсудова... Бугун ҳаёт бўлганида роса 70 ёшга тўлган бўларди! Асли мартда туғилган бўлсалар ҳам не сабаблар биландир шу, 12 апрель кунида туғилган кунларини нишонлардик. Жуда қувноқ, завқли, давраларга ўч, ўйин-кулгига суяги йўқ одам эдилар. Ҳафтада етти кун бўлса – тўққизта “гап”га борардилар. Куч-ғайратига ҳайрон қолар эдим. Ахир, ўша ноз-неъматларга тўла, хурсандчилиги бисёр давралар ҳам одамнинг кучини олади-ку! Аммо улар чарчамасдилар. “Шунақа одам ҳам ўладими!” дейишади одамлар баъзилар ҳақида. Насиба опа ҳам ўшанақа одамлар тоифасидан эдилар гўё. Лекин тақдиру қазо ишига бизнинг ақлимиз етмас экан.
Насиба Мақсудованинг одамларга фойдаси кўп теккан. Ишига фидойи эди. Ҳамманинг бошини қовуштириб юрарди. Энг биринчи хушхабарларни улардан эшитардингиз. 35 йилга яқин бирга ишладик. Майдон репортажлари, студиялардаги кўрсатувлар, хизмат сафарларидаги иш жараёнлари, оилавий тантаналаримиздаги борди-келдилар... Ҳаммаси ёдимда. Ўзлари ҳам... У дунёларини нурли қилган бўлсин,илоҳим!”
Насиба Мақсудова ҳақиқатан ҳам бағрикенг, одамохун, файзли инсон эди. Телеканалларда сухандонлар кўп ўтган. Ҳатто, кўкси унвонларга тўлганлар ҳам юксак унвонларга лойиқ кўрилмаган Насиба Мақсудовачалик халқнинг суюклиси, севимлиси бўла олмади. У “Дийдор ширин” дея қанчадан-қанча хонадонлар эшигини қоқмади дейсиз. Назаримизда, “Дийдор ширин”нинг файзи ҳам Насиба Мақсудова билан кетгандек...