Яна бир муҳим жиҳати, биринчи навбатда, Насиба опани оиласи ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган, ижодига хайрхоҳ бўлишган.
Таниқли сухандон 2017 йил 8 февраль куни Тошкент шаҳрида вафот этган.
Насиба Мақсудова ҳақида унинг шогирди, телебошловчи Анвар Азимов қуйидагича хотирлайди:
“Мен доим айтиб юраман — шогирднинг бахти унинг яхши устоз қўлига тушгани. Менинг бахтим ҳам Насиба Мақсудовадек инсонга шогирд тушганим.
Устозимизнинг касбига бўлган меҳр-муҳаббати жуда кучли эди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, уйида бирор корҳол бўладими ёки бошқа кўнглига сиғмайдиган муаммоси, ташвиши бўладими, ҳеч қачон томошабинлару мухлислар олдида сездирмаганлар.
Қалби очиқ, мехр-муҳаббатга тўла инсон эдилар. Кўп сухандонлар, бирга ҳамнафас бўлган инсонлар айтишдики, “Бизнинг орамизда энг бахтли яшаган, оласидан доим кўнгли тўқ бўлган бу — Насиба Мақсудова эди”. Ҳақиқатан ҳам, хушчақчақ, оилапарвар эди. Турмуш ўртоғи Анориддин ака билан уч фарзандни вояга етказиб, уйли-жойли қилди. Яна бир муҳим жиҳати, биринчи навбатда, Насиба опани оиласи ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган, ижодига хайрхоҳ бўлишган. Оиласи тўкис, миллионлаб мухлисларга эга бўлган ва муҳими, ижодда ўзининг мактабини яратган сухандонлардан бири эди.
Кўринишлари ҳам доимо хушсурат бўлган. Мен ўзим кўпинча гувоҳи бўлардим, ёши катталар “Шу аёл ҳеч қаримади-да”, дейишарди. Ҳақиқатан ҳам, очиқ чеҳра, самимий, хушчақчақ бўлганиданми, ёш кўринарди. Кўпинча бу қаримасликнинг сири — халқ меҳри, ишга бўлган муҳаббат, дер эди.
“Дийдор ширин” кўрсатувида илк маротаба иш бошлаганимда мени таништирди. Шунда атрофда ўтирган баъзи инсонлар менга нописандлик билан қарашди, ҳаттоки бу ким, қаёқдан пайдо бўлиб қолди, деган гаплар ҳам бўлди. Руҳиятим тушиб кетди. Шунда Насиба опа микрофонни пастга тушириб: “Сен бунақа қилмагин. Ўзингни эгиб қўясан, ижодинг сусаяди, ортингга қайтишинг керакмас”, деганди. Энг асосийси, у инсон далда беришни биларди. Қўллаб-қувватлашни, рағбатлантиришни биларди.
Йил бошининг январь ойларида бетоб бўлиб ётганида ҳаётга ташналик билан: “Қара, Анвар, бизнинг йилимиз бўлибди. Энди вилоятларда, чекка-чекка қишлоқларда кўрсатувлар тайёрлаймиз. Оддий меҳнаткаш деҳқонлар билан суҳбатлар қурамиз”, деган эди..."