Машҳур сухандон ТВ орқали Шароф Рашидовнинг вафот ҳақидаги хабар қандай эълон қилингани, аниқроғи ўша даврдаги муҳитни ёдга олади.
Кеча, 6 ноябрь куни Шароф Рашидов туғилиб ўсган Жиззах шаҳрида унинг сиймоси акс этган ҳайкалнинг очилиш маросими бўлиб ўтгани, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этгани ҳамда нутқ сўзлагани ҳақида хабар берган эдик.
Шароф Рашидов сиймоси ҳақида бугунги авлод унчалик катта маълумотга эга бўлмаслиги табиий. Бироқ уни таниган-билганлар, у билан замондош бўлганларнинг хотиралари Шароф Рашидовнинг сийрати ва суврати ҳақидаги илиқ тасаввурларнинг уйғонишига туртки бўлади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори Муслимбек Йўлдошевнинг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасида Шароф Рашидов билан боғлиқ ёрқин хотираларида давлат ва жамоат арбобининг камтарона турмуш тарзи, унинг вафот этгани ҳақидаги хабар ТВ орқали қандай эълон қилингани билан боғлиқ воқеалар акс этган. Муслимбек Йўлдошев шундай ёзади:
“Шароф Рашидов… Бу номни узоқ йиллар кўпам тилга олмадик. Аммо қаерда унинг исми айтилиб, эшитилиб қолса, кўз олдимда унинг маъсум чеҳраси гавдаланади. Чинакам оталарча меҳр, ҳамдардлик, масъуллик ва дилхоҳлик балқиб турган бу чеҳрада бир тутиб бўлмас сеҳр кучи бор эди. Мен ушбу хотираларимни қоғозга туширар эканман, “ишқилиб бошқа муаллифлар баёнига ўхшаб қолмасинда”, деб ният қилдим. Мабодо у ер-бу ерлари ўзга қаламкашларнинг сўзларини такрор қилиб қўйса, демак, билингки, бу умумхалқ эътирофи экан ва мен ҳам бир миннатдор фуқаро сифатида ушбуни назаримдан қочирмаган эканман.
Мен Шароф акани шундоқ — юзма-юз икки маротаба кўрганман. Аслида мен уларни кўрмай қолишим ҳам мумкин эди. Чунки у киши дунёга довруғ солган ўша кезларда мен мактаб боласи, институт талабаси эдим. У зот билан асло тўқнаш келишим мумкин эмас эди. Аммо тақдир менинг пешонамга ушбу бир лаҳзалик бўлсин, дийдорлашувларни насиб қилган экан-да!
Бунинг тарихи шундоқ: мен 1973 йили саккизинчи синфни битиргач, 9-сонли шаҳар профессионал техника билим юртига кириб ўқий бошладим. Ушбу билим юрти қошида санъат институти ўқитувчиси Иза Исаева “Драма тўгараги” ташкил этган эканлар. Болаликдан санъат ишқибози бўлганим туфайлидан дарров ўша тўгаракка аъзо бўлганман. Ўша кезлар М. Байжиевнинг “Қорақум фожиаси” драмасидан бир пардани саҳналаштиришаётган экан. У ернинг “ўз шайкаси” бўлиб, юқори синф ўқувчилари асосий ролларни ижро этишаркан. Менга тузукроқ роль ҳам тегмаган. Аммо Иза опа бизларни ҳам бўш қўймаганлар. Шеърлар, монологлар ёдлаттирар ва уларни ижро этиш техникасини ўргатардилар.
1974 йил кириб келди...
Бу йил тарихдан маълумки, Ўзбекистон Республикаси ташкил этилганининг 50 йиллик юбилейи йили эди. Мана шу санага жуда катта миқёсда тайёргарлик ишлари ташкил этилган эди. Ўша пайтларда Професионал техника таълими Давлат қўмитаси бўларди (Госкомитет по профтехобразованию). Ёшларни ҳунарга ўргатиш давлат сиёсатининг устувор дастурларидан эди. Мана шу қўмита жойлашган бинонинг каттагина маданият саройида репетициялар бошланиб кетди ва турли билим юртидан келган рус, ўзбек ва бошқа миллат ўқувчиларига тўрт қатор-тўрт қатор шеърлар бўлиб берилди. Биз, мамлакатнинг умидли ёшлари вакиллари бўлиб, юбилей тантанаси расмий қисмини ёпиш ва бадиий қисмига ўтиш жойида ушбу шеърларимизни ўқиб беришимиз ва қўлларимизга берилган гулдасталаримизни узундан-узоқ Президиум аъзоларига тутқазишимиз керак эди. Биз шундоққина Президиум ёнгинасида шеър ўқиб, бир нафасда ҳаммамиз орқамизга ўгирилиб, кимнинг рўпарасида турган бўлсак, гулни ўша одамга топширишимиз керак эди. Кейин яна томошабинларга ўгирилиб, таъзим қилиб, ўртадан иккига бўлиниб, саҳнани тарк этишимиз керак. Шугина холос. Мана шу учун бизни икки ой ўқишдан озод қилишган ва ҳар куни шу репетицияга қатнаймиз.
Ҳозир сиз “Муслимбек Шароф Рашидовга гул берган эканда...” деб ўйлаётган бўлсангиз керак, топқирлик қилиб? Йўқ, ундай бўлмади. Съездлар саройидаги Президиумда ким қаерда ўтириши нафақат бизга, ҳатто режиссёрларимизга ҳам маълум эмас. Чунки марказқўм протоколи қандай тузилади — у ҳеч кимга аён эмас. Шароф отага ким гул бергани эсимда йўқ. Мен ҳатто ўзим гулимни кимга берганимни ҳам аниқ эслолмайман. Ёки Н.Ж. Худойбердиев, ёки Н.М.Матчонов эди. Аниғини Давлат кинофотоаудио архивидан ушбу санага бағишланган фильмни топиб, кўрса бўлади. Лекин, мен гул топширган ўша одамнинг ёнгинасида Шароф Рашидов мулойим кулимсираб тургани, энгашиб, ўқувчи шеърхоннинг узатган гулларини олганлари шундоқ кўз ўнгимда сақланиб қолган. Мана шунда, энг мартабали минбарда, ўша даврнинг энг нуфузли йиғинида мен Шароф отани ўз кўзим билан, шундоққина бир қадамча беридан кўрганман.
Кейин ҳаёт биз умидли ёшларни ўз домига тортиб кетди. Ўқишлар, имтиҳонлар, амалиётлар. Кетидан институт, ҳарбий хизмат...
Телевидениега сухандон бўлиб ишга кирган пайтимда эса уларни иккинчи бор кўриш насиб қилган. Бунда ҳам мен телевидение сухандони сифатида “Дўрмон” боғида қандайдир бир тадбирни олиб борганман. Адашмасам, қишлоқ ҳўжалиги ходимлари қурултойидан аввалги бир кўргазмага ўхшаган йиғин эди. Ҳаммаёқ телекамералар, микрофонлар, қўлимда даста-даста матнлар, исмлар, фамилиялар, унвону, даражалар... Шунда Шароф Рашидов бир гуруҳ ҳамроҳлари билан кириб келганлар. Биз эмас, ёнгинамизда турган ўша заҳматкаш бригадирлар, ҳосилот ва раислар билан сўрашганлар... Шунда мен уларни ёнгиналаридан иккинчи марта кўрганман. Деҳқонларнинг борки дарду ташвишларидан хабардор бу инсон, улар билан самимий суҳбатга киришиб кетдилар. Бутун халқ қатори бизнинг оилада ҳам уларнинг ҳурматлари беқиёс эди. Қиблагоҳим онам уларни кўп дуо қилар эдилар. Мана шу шарқона бир таъзим ила уларни яхши кўрардик.
Кейин... Кейин ҳеч ким кутмаган, асло ишониш қийин бўлган мудҳиш воқеа содир бўлди. Давлатимиз раҳбари тўсатдан, Қорақалпоқ сафарида вафот этиб қолдилар. Ҳамма бир муддат ўсал ҳолатга тушиб қолди. Нима қилишни, ўзни қандай тутишни билмаганидан эмас. Ҳар ким бу йўқотишни ўз отасидан айрилгандаги ҳолат каби қабул қилганидан. Ўша кезларда Собиқ Иттифоқнинг жуда кексайиб қолган биринчи шахслари кетма-кет вафот этаётган, халқ ва бошқарув тепасида турганлар мотам маросимларини давлат миқёсида ўтказишнинг эпини яхши ўзлаштириб олган йиллар эди. Эсимда қолгани, ўша мотам эълон қилинган уч кун мен теледастурда навбатчилик қилганман. Сухандонлик фаолиятимдаги энг оғир уч кун шу кунлар бўлган. Гуруҳнинг энг ёши бўлганим учунми, ёки бошқа бир менга ноаён сабаб бўлибми, шу иш менинг чекимга тушган. Кейин, у пайтларда ортиқча савол бериб ўтирилмас, буюрилдими, бажариб кетилаверарди.
Биринчи куни раҳбарият қўнғироқ қилиб, қора костюм, қора бўйинбоғ тақиб ишга келишимни буюришди. Бордим. Эрталабдан ишхона мотамсаро бир аҳволда. Студияларга яшил матолар, қора тасмалар осилган. Йўлакларимизда худди шундай оқ-қора кийимларга бурканган созандалар. Миллий чолғу асбоблари оркестри, симфоник оркестр ижрочилари... Хонамизда устоз Ўктам Жобиров ўтирибдилар. Улар ҳам бир аҳволда. Одатий ҳазил-ҳузиллар йўқ, гаплардан файз қочган. Ва, энг муҳими, ким нима иш қилади, бу хабар қачон қай тарзда эълон қилинади — ҳеч ким билмайди...
Мотам куни бўлганидан, дастурда ҳеч қанақа кўрсатув йўқ, ҳаммаси мотам куйларидан иборат бўлган концертлар. Дастур бошида чиқиб, одатда кўрсатувлар тартибини ўқиб эшиттирардик. Бугун нима дейман? Нимани ўқиб бераман?.. Бунақанги калаваси учини йўқотиб қўйган сингари кунлардан ўзи кўпам нарса эсда қолмайди. Сабаби, мия фақат бир ўй билан банд бўлганида бўлса керак. Эсимда қолгани, биз устоз билан пастки қаватга, ўша пайтда ЦТ-3 деб номланувчи катта студияга тушдик. Менга бир варақ қоғоз тутқазишди. Бор-йўқ айтар сўзим — саломлашиш ва “Ўзбекистон телевидениеси кечки кўрсатувлари дастурини бошлайди” деган битта гап. На табассум ва на “Марҳамат!”...
Студияда ўтирибмиз. Ўктам Жобиров, мен, тасвирчилар, маъмурлар... Нарироқда созандалар учун тайёрланган жой, микрофонлар, Шароф Рашидовнинг уч-тўрт хил фотосуратлари қўйилган титрницалар... Бирдан студия карнайларидан ҳайқириқ эшитилди: “Ўктам ака, бу ёққа чиқинг!” Режиссёрлар ўтирадиган аппаратхона иккинчи қаватда жойлашган бўлиб, у ерга бориш учун студиядан коридорга чиқиш, ундан сал юриб, иккинчи қаватга кўтарилиш ва яна ўн беш-йигирма қадам юриб бориб, режиссёрлар хонасига кириш керак. Ўктам ака чопиб чиқиб кетдилар. Биз яна ярим зулмат ичида ўтиришда давом этдик. Мен тепага қарадим. Ойнадан кўриниши бўйича ҳамма раҳбарларимиз шу ерда эдилар: Убайдулла Иброҳимов, Убай Бурҳон, директорлар, бош муҳаррирлар ва бош режиссёрлар... Бу ёқда эса эфирни бошлаш дақиқалари яқинлашиб боряпти. Мен биргина гапдан иборат сўзларимни қайтараман... Майли-да, шундоқ кунда янглишиб қолмаслик керак... Ўзи аксига олгандек мана шунақанги кунларда биргина сўз, биттагина гапни ҳам айтолмай қолади одам. Қандайдир бир босим таъсир қилиб туради. Қопқаларингизни қисади, асаб торларингизни узилар даражагача таранглатади, юрак пардаларингиз чилдирма янглиғ қизиб, тараклашга келади...
Ўктам ака яна студияга кириб келдилар. Жойларига чиқиб ўтирдилар ва қўлларидаги қоғозга тикилдилар. Қўл титроғидан қоғоз енгилгина ҳилпираб турибди. Ичда такрорламоқдалар... Қанақадир арзимас дақиқалар қоляпти эфирга. Яна овоз гумбурлади: “Ўктам ака, бу ёққа чиқинг!” Устоз гаранг... Дастур очилишига ҳеч қанча қолгани йўқ-ку... Шахд ўринларидан туриб чиқиш эшигига қараб чопдилар. Эшикка етар-етмасларидан: “Йўқ, ўтираверинг, ўзимиз тушамиз!” деган хитоб янгради. Ўктам ака шошиб келиб яна ўринларига ўтирдилар. “Ҳа, тўғри, улгуролмасдим ҳам-да!” деган ўй ўтди чамаси ҳаёлларидан. Одатий луқма ташлашлар, галстукни тўғрилаб олиш, мониторга қараб кийим-бошни бир кўздан кечириб олишлар йўқ. Бир муҳаррир югуриб кириб, “Ахборот” столига яқинлашди, устознинг матнларини олиб, ниманидир ўчириб, ниманидир ёзиб қўйди-да, қўлларига тутқазди... “Диққат, бошлаяпмиз!” деган чақирув бўлди. Муҳаррир четга чиқди. Ўктам ака сиёҳ чизгилар билан бежалган матнга диққат билан қараб, ўқиб, ўргана бошладилар. Хотирада қолган илгариги бирикма ва жумлаларни ўчириб, янгитдан “ёза” бошладилар.
Ҳеч қандай чорлов мусиқаси берилмади. Режиссёр: ”Муслим, ўтяпман!” деган гапи билан мени эфирга улашди. Мен, табиийки, мотам руҳиятини ҳис қилган ҳолда, эҳтимол, сухандонлик касбимда биринчи бор сўз айтаётиб вужудим оғирлигини ҳам ҳис қилган ҳолатда айтар гапимни айтиб олдим. Биргина гап, икки-уч жумлани айтиш шунчалик ҳам оғир бўладими, а? Устоз нима қиларкинлар?
Мендан сўнг “Ахборот” деган ёзув кўринди, кетидан уч-тўрт сония ўтиб, кадрда Ўктам Жобиров пайдо бўлдилар. Камерага қараб турибдилар. Қараб турибдилару индамаяптилар. Микрофонлар ёқилган. Камераларнинг чироқлари ҳам ёқиқ. Аммо устоз жим. Пауза. “Ўқинг”, деган команда бўлди тепадан. Ўктам ака жим... Ё тавба, дейман. Нега ўқимаяптилар а... Бир, икки, уч, тўрт... “Ўқинг!!!” деган даҳшатли қичқириқ гумбурлади карнайларимиздан. Бу энди режиссёрнинг эмас, Убай Бурҳоннинг овози эди!
“Ҳурматли ўртоқлар!” деб бошладилар Ўктам ака овозлари титраб. Кейин лаблари ҳам титрай бошлади. Кейин кўзлари ёшланди. Кейин... яна жимиб қолдилар. Сухандоннинг руҳий аҳволи, ички кечинмалари, шахсий ва умуммилий изтироби экран тўрининг ҳар бир микрон ойначасидан шундоқ яққол кўриниб турарди. “Ўқинг, Ўктам ака!” дейилди яна тепадан. Фақат бу гал бу овоз аввалгисидай даҳшат билан эмас, ҳамдардлик билан айтилган эди. Шундан сўнг, Ўктам ака вазминлик ва салмоқ, ғамгинлик ва жудолик ҳисси ила тамом йўғрилган бир мискин овоз билан Республикамиз раҳбарининг вафоти ҳақидаги маълумотни ўқий кетдилар. Кўзларидан думалаётган ёш, овозларидаги титроқ бутун элни ларзага солиб юборди. Назаримда, шу дам томоқларидан одатий гаплар эмас, бир неча юз тонналик локомотив отилиб чиқди! Ё, қудратингдан! Матннинг сўнгги сўзларида овозлари хириллаб қолди...
Бўлди, матн тугади, ишимизни бажардик, эфирга ЦТ-2 студиясидан мотам концерти уланди. Ҳаммамиз, мен, тасвирчилар, чироқчилар, маъмурлар, ким шу тобда студияда бўлган бўлса, ҳамма бирдай қойил қолдик, қотиб қолдик. Устознинг табиий кўз ёшлари-ю овоз ноталаридаги чуқур изтиробдан сўнг ҳақиқий жудолик юкини ҳис қилдик. Аммо бу қойил қолиш — бошқа ҳолатлардагидан бошқачароқ бўлгани учун ҳам ҳеч ким “Яшанг, Ўктам ака, бопладингиз!” деб мақтамади, елкаларига қоқмади, келиб қучмади. Ўктам ака ҳам ҳеч нарсани кутмаган бўлишлари керак. Аммо шу лаҳзаларнинг тирик гувоҳи бўлган одамлар хотираларидан ҳеч қачон ўчмайдиган бир воқеликнинг шоҳиди бўлган эдилар.
Шундай қилиб, мотам эълон қилинганининг учинчи куни Шароф Рашидов билан видолашиш маросимлари бўлиб ўтди. Ватан ўзининг содиқ, жафокаш, ижодкор, элпарвар, метин иродали, кўкраги қалқон ўғлони билан видолашиб, битта чечак қўйди, уни кўз ёши билан суғорди, кўкси муздек бўлди... Буларнинг ҳаммасини биз студияда, узлуксиз кўрсатув ва репортажлар давомида кўриб, кузатиб, шерик бўлиб турдик. Эгнимизда қора либос, қалбимизда мотам...”