Муслимбек Йўлдошев: Кимларнингдир айби учун, бировлар ўз зиммасидаги ишини вақтида бажариб қўймагани учун, Раҳматилла Мирзаев жавоб беришига тўғри келди. Эфирдаги кичиккина – биров билиб, биров билмай қолган ҳаракати учун ишидан четлатиб қўйилди.
ЙЎҚОТГАНЛАРИМНИНГ БИРИ...
Салкам қирқ йил телевидение диктори бўлиб ишлаган Раҳматилла Мирзаев ким эди? Раҳматилла Мирзаев Тошкентнинг “Қашқар” маҳалласида туғилган. Ўрта мактабдан сўнг ўша даврда Тошкент театр ва рассомлик институти деб аталувчи, бугунги кунда эса Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг актёрлик бўлимига кириб ўқиган. Институтнинг бадиий ҳаётида ҳам фаол иштирок этган. Менинг билишимча, у собиқ иттифоқ миқёсида ўтказиладиган бадиий сўз усталари танловида ҳам иштирок этган. Бу танловда мен ҳам иштирок этганман ва шуни айтишим мумкинки, йигирма кишилик гуруҳимиздан фақат икки кишигина шу ишга қўл урганмиз. Раҳматилла ака ва мен. Демак, бу иш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермас экан. Ҳа, шундай. Раҳматилла Мирзаев ҳам тиниб-тинчимас, янгиликларга ўч бўлган.
1976 йили у телевидениеда ўтказилган дикторлар танловида иштирок этиб, юзлаб номзодлар ичида ғолиблар қаторида ишга қабул қилинган. Ўша даврлар менинг ёдимда бор. Мамлакат телевидениеси юксалишга қараб кетаётган, оддий, стереотип кўрсатувлар умри барҳам топиб, янги-янги дастурлар дунё юзини кўра бошлаган йиллар эди. Бу кўрсатувларга бошловчилик қиладиган дикторлар – сухандонлар эса, ниҳоятда камчилик эдилар. Нисбатан ёши катта уч-тўрт диктор сафига ёшгина Раҳматилла Мирзаев кириб келиши билан режиссёрлар томонидан таклифлар кўпайиб кетгани аниқ. Ўзим ҳам у билан олдинма-кейин телевидениега келган ходим сифатида буларни яхши эслайман. Тўғри, у келиб, бошқа катта дикторлар ишдан сурилиб қолгани йўқ. Ҳар кимнинг ўз ризқи, насибаси, ҳаётда ўзигагина тегишли ўрни бўлганидек, улар ҳам илгаридек ишлаб юраверишди. Лекин Раҳматилла Мирзаев жуда тез элга танила бошлади. Иккита канали бор бўлган телевидение томошабинлари ҳар қанча янги диктор бўлса ҳам “ютиб” юбораверадиган замонлар эди.
Аввалги сухандонларимиз – устоз Ўктам Жобиров, Даврон Зуннуновлар радиодан таклиф қилинган, яна қолганлари бошқа соҳаларда ишлаб келган бўлганлари учун ҳам, институтда саҳна нутқини пухта ўзлаштирган, бошқа қолипларга тушиб кўрмаган Мирзоҳид Раҳимов, Фарҳод Бобожонов сингари Раҳматилла Мирзаев ҳам чинакам телебошловчи сифатида шакллана бошлади. Айниқса, унинг икки тилда эркин ишлай олиши ўша даврнинг асосий талабларидан эдики, бу сухандонга кенг имкониятлар эшигини очарди.
Унинг мучали “от” йили эди. Ўзи ҳам отюрак эди, десам, ишонаверинг. Бу ҳислат, айниқса, юзлаб, минглаб реал ва миллионлаб телекамера ортидаги виртуал – эҳтимолий томошабинлар олдига чиқиб борганда намоён бўлади. У ҳеч қачон ҳаяжонланмасди, юраги ҳаприқмасди. Эҳ-ҳе, қанчадан-қанча кўрсатувларда елкама-елка ишлаганмиз. Ёнма-ён турганингизда ҳар қандай одамдаги ўзгаришни сезиб турасиз. Лекин мен унинг ҳечам ҳаяжонга тушганини кўрмаганман. Раҳматилла Мирзаевдаги бу ҳислат яхшимиди-ёмонмиди, тўғримиди ёки нотўғримиди, билмадим. Бир қарашда, ҳаяжон керакдай. У овозингга, талаффузинг рангинлигига, айтаётган сўзларинг жилосига ижобий таъсир кўрсатадигандай. Лекин аслида ҳаяжон, агар у меъёридан ортиқ бўлса, ишга ҳалал беради. Сўзларингни эсдан чиқара бошлайсан, қўлларингни, ўзингни қўярга жой излай бошлайсан. Байрам кўрсатувларида, суткалаб узлуксиз давом этадиган марафонларда ишлаган пайтларимда, менга ёққан жиҳатларидан бири шу эди.
Раҳматилла Мирзаевнинг овози тембри фавқулодда ёқимли эди. “Ахборот”да ҳам, қатор бошқа кўрсатувларда ҳам эшитувчиларга маъқул бўладиган, “микрофонбоп” эди. Мен сухандонлар гуруҳида турли йилларда ишлаган бирон-бир овози унчалик “ўхшамаган” дикторни билмайман. Ҳаммасининг ҳам овози кўнгилдагидай эди. Лекин Раҳматилла Мирзаевнинг овози бошқача эди. У овоз берган ҳужжатли кино-видеофильмлар жуда кўримли бўларди. Назаримда унинг ўзи ҳам, теле-радио режиссёрлар ҳам бу имкониятдан тўла фойдаланишмади. Гарчи, юзлаб фильмларда унинг овози муҳрланган бўлса-да, бу, менинг назаримда, жуда кам. Ахир, биргина радионинг ўзида қанча ижод намуналарини “олтин фонд”га ёздириб ташлаш мумкин эди!
У жуда киришимли эди. Латифагўй, қизиқ-қизиқ воқеаларга ўч, кулгуни, ҳазилни яхши кўрарди. Ҳозиржавоб эди. Бу нимадан далолат беради? Ўқимишли, дунёқарашли, фикрлай оладиган эканлигидан. Шунақа, билим қамрови кенг эди. Ҳаммамиз ҳам кайфиятимиз яхши бўлса, тилимиз ҳам бийрон бўлади. У ҳам шундай эди. Хушчақчақ пайтларида унга етадиган ҳамсуҳбат йўқ эди. Ҳайқириб, яйраб куларди. Бу ниманинг белгиси? У очиқ одам эди. Бировларга ўхшаб зимдан, писмиқларча иш қилмасди. Агар кимдандир норози бўлса, ўша одам ҳақида жўяли бирор гапи бўлса, ўзига очиқ айтарди. Дангалчи эди, деса ҳам бўлади.
Мен уни таниган пайтимда ёнида бўлган дўстлари билан сўнгги пайтларгача ҳам алоқалари яхши эди. Улар қайси соҳа эгаси бўлишидан қатъи назар, борди-келдилари узилмаган эди. Табиийки, бу ҳам яхши фазилатлардан бўлиб, у одамнинг феъл-атвори ўзгармас, субутлилигидан хабар беради.
Йиллар давомида одам ўзи истаса-истамаса ўзгаради. Атрофимиздаги яқин кишиларимизнинг ўзлари ҳам бу йўлда бизга “қарашиб” юборишади. Кимларнидир тушуна олмай қийналамиз. Кимлардир бизни тушунмай қийналади. Ўйлаган режаларинг амалга оша қолмайди, ишлар кўнгилдагидай ечим топмайди. Булар йиллар давомида томчи-томчи бўлиб йиғилиб бориб, сабр косаларимизга барака олиб киради. Тез, жиззаки, қизиққон ва ўжар бўлиб борамиз. Бир яримта гапга харидор одамга айланамиз. Аммо минг афсуслар бўлсинки, одамлар унақамас. Бир яримта гап гапиришни билишмайди. Билганлари исташмайди. Сени букиб, ғижимлаб, ўзларига ўхшатиб олишга ҳаракат қилишади. Биласизми, нега “ичиб” ўтирганлар бошқаларни ҳам ичишга зўрлайверишади? “Ичмасангиз хафа бўламан”, “мени ҳурмат қилмайсизми?”, “оналаримиз учун ҳам ичмайсизми?” сингари елим гаплари билан сизга “ўша”ни ичирса, сиз ҳам унинг ҳамтовоғига айланасиз, у қилган қилиқларни қайтарасиз ва охир-оқибат унинг иллатлари кўринмай қолади. У шуни хоҳлайди. Жа, сизга меҳрибонлигиданмас. Бу аччиқ ҳақиқат умр бўйи биз билан ҳамрох юради. Қайси даврага кирманг, энг биринчи мана шунга рўбарў келасиз.
Демоқчиманки, телевидение ҳам, оила ҳам, борингки, бизлар кўп иштирок этадиган катта-катта давралар ҳам ушбуларга тўлиб ётибди. Бир куни, мана шундай қизиққонлиги ўзига панд бериб қолди. Кимларнингдир айби учун, бировлар ўз зиммасидаги ишини вақтида бажариб қўймагани учун, Раҳматилла Мирзаев жавоб беришига тўғри келди. Эфирдаги кичиккина – биров билиб, биров билмай қолган ҳаракати учун уч йил яхши кўрган ишидан четлатиб қўйилди. Аслида бирламчи хато учун у жавобгар эмасди. Бироқ, эфир буни тушунмади.
Мен уни қанчалик билсам, оилапарвар деб билардим. Чунки, топгани оиласига, қизи ва ўғлига аталган эди. Энг аввал, замонавий, янги квартирага кўчиб ўтишди. Кейин уни катта таъмирдан чиқарди. Машиналик бўлишди. Ва ниҳоят, данғиллатиб уй ҳам қуришди. Халқда “Мен қиламан ўттиз – тангрим қилар тўс-тўс” деган мақол бор. Бизнинг эмас, яратганнинг хоҳиши бўларкан. Ўттиз эмас, минг урининг, У йўлингизни тўсиб қўйса, ҳеч нарса қилолмайсиз. Нимадир ўхшамаган, қайсидир мўлжал тўғри олинмаган экан шекилли, кейинги ҳаётларида бир қанча ўзгаришлар юз берди. Биз, оддий одамлар, кези келганда нафақат ҳамкасбларимизнинг, балки туғишган жигарларимизнинг ҳам оиласидан нималар ўтаётганини билолмаймиз. Эшитганимизда эса, кеч бўлган бўлади. Ҳар қалай, Раҳматилла Мирзаев на менга ва на дикторлар хонасидаги бошқа бировга оиласидан шикоят қилганини эшитмаганман, гувоҳ бўлмаганман.
Сўнгги йилларда маданият коллежида ёшларга маҳоратдан дарс бериб, педагоглик ҳам қиларди. Одам қандай туғилса, ўша – дунёга келишидаги фазилатлари барибир сақланиб қолади. Бу худди компьютер дастурлашига ўхшаб кетади. Аввалбошда бизларга “ўрнатилган” феъл-атвор, фазилат, қобилият ўзгармай қолаверади. Раҳматилла Мирзаев ҳам телевидениедаги иш, ҳам фильмларга овоз бериш, ҳам турли тадбир ва хизматлардаги иштироки устига яна ўқитувчилик қилишга имкон топа оларди. Бу касб оғирлигидан ҳам чўчимайди. Чунки “ўқитувчи”ликнинг ўзи бўлмайди. Унинг ҳам ўзига хос бир қанча машаққатли юки бор. Юқорида айтганларим унинг “тиниб-тинчимас” лигининг белгиси. Менимча, у пулга муҳтож эмас эди. Молиявий сиқилганмасди. Фақат бўш қолишни, бекорчилик оғушида мудраб ётишни ўзига раво кўрмаганидан шундай қиларди, деб ўйлайман ва шу фикрим тўғрилигига ишонаман.
Раҳматилла Мирзаев телевидениеда ишсиз қолиб кетадиганлардан эмас эди. Уни ўзининг кўрсатуви бошловчиси бўлишини истаган режиссёрлар кўп эди. Аммо буни Раҳматилла Мирзаев ҳам исташи керак эди-да. Баъзан қайсидир муҳаррир ёки режиссёр таклиф қилган кўрсатувни рад этишга тўғри келарди. Чунки уларнинг шунчалар саёз, енгил-елпи тайёрланаётганлиги яққол кўриниб туради. Ўзини ҳурмат қилган сухандон эса, ҳар қандай таклифга “учиб” кетавермаслиги керак деб ўйлайман. Менимча, мана шу жиҳатлари туфайли ҳам у “Дилдаги гаплар” деб номланувчи туркум муаллифлик кўрсатувини тайёрлай бошлади. Аслида бу кўрсатувни жуда оригинал, ўхшаши йўқ деб бўлмаса ҳам, телекўрсатувлар ичида у ўз ўрни ва мухлисларини топа олди. Элнинг севимли санъаткорлари, кўзга кўринган шахслари иштирок этадиган бу кўрсатув оммабоп бўлиб қолди. Бу ҳам унинг шахси ҳақида нимадир деса керак? Ҳа, у “тайёрга айёр”, “берсанг ейман, урсанг ўламан”лар тоифасидан эмаслигининг исботи бу. Умуман, дикторларнинг муаллифлик кўрсатуви тайёрлаши ҳам янгилик эмас эди. Насиба Мақсудова, Фарҳод Бобожоновлар ҳам мана шунақа фаол эдилар. Кейин мен ҳам, Абдумўмин Ўтбосаров ҳам мана шу муаллифлик кўрсатувлари тайёрлаш жараёнида изланганмиз. Ўз кўрсатувларимизни топиб олганмиз. Ёши улуғлигига қарамасдан, кекса сухандонимиз Георгий Ирлин ҳам қалами чархланган журналист сифатида, умрининг охиригача муаллифлик кўрсатувлари тайёрлаб юрди. Аммо Раҳматилла Мирзаев ҳам мана шу ижод завқидан, яратувчилик мазасидан йироқ эмаслигида ҳамма гап.
Бугун ушбу бадиада илгари гапирган гапларим такрор бўлиб қолишини хоҳламасдим. Шунинг учун ҳам гарчи ўша атрофда бўлса ҳам, янгироқ фактлар келтиришга ҳаракат қилаяпман. Раҳматилла Мирзаев дардингизни шунчаки эшитиб кетаверадиганлардан эмасди. Бирон ёрдам сўрасангиз, нарсасини ҳам, пулини ҳам аямасди, ўзи учун олиб қўйган танишларини ҳам сиздан қизғонмасди. “Фалончи одамга учрашсанг, ўша айтган нарсангни топиб беради”, “ярмаркадаги пистончи опангга менинг номимдан учрасанг, қидирганингни олиб беради”, – деб не муаммоларимни битиришиб юборган. Минг лаънат, француз атиригаям, япон соябонигаям! Ўша пайтларда бу матоҳларни топиш – хотин топишдан ҳам мушкул иш эди. Ҳозир буларни газета киоскасидан ҳам сўрашинг мумкин. Одамлар умр бўйи навбатда туриб ололмаган автомобилнику, бугун “хозмаг”даям сотишяпти. Аммо Раҳматилла Мирзаевнинг танишлари менга ўша анқонинг уруғидан ҳам ноёб бўлган “Чёрная Магия”, “Клима”, “Жозе” атирларини ўз нархига олиб беришарди. Ҳар йили! “Чори” фирмасининг тахлама-буклама зонтларини олганда эса БАХТ йўлланмасини ютиб олгандай қувонардик. Бундай қараганда, мен молпараст одамларга ўхшаб кетаётгандай кўринсам-да – ўша пайтлар бошида шундай савдолари бўлган одамлар билишади – бу чиндан ҳам катта муаммо эди! Аёлларнинг кўнглини кўнгилдагидай олиш шуларга боғлиқ эди.
Эҳ-е-е, эслайверсанг, хотиранг қабатларидан янги-янгилари чиқиб келаверади. Мен билган, шу мавзуда суҳбат қилган неча одамлар Раҳматилла аканинг яхши ҳислатларини санаб, ундан кўрган яхшиликларини эътироф этиб беришди. Баъзилари менинг хотираларимга ўхшаш, бировлариники мутлақо бошқача. Лекин ҳаммасида ҳам Раҳматилла Мирзаевнинг одамийлик суратига ёрқин чизгилар бор. Энди, бир одам дунёга келиб, улғайиб, яшаб, дўсту бола-чақа орттириб шунчалик яшар-да! Бировнинг бўйнига осилиб олмаса, ўзгалар ҳисобига яшамаса, елса, югурса, элга хизмат қилса, ватан бунёд қилса... Шу-да, битта умр.
Бугун роса бир йил бўлибдики, Раҳматилла Мирзаев орамизда йўқ. Аммо бу дегани ўрни ҳам йўқ дегани эмас. Дўстлари, яқинлари, ҳамкасблари ва шогирдлари қалбида унинг ўчмас ўрни бор. Ўшалар бор экан, Раҳматилла Мирзаев ҳам сафда бор.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
“ТУРОН” Фанлар Академияси академиги