Халқаро кузатувчилар сайлов умумэътироф этилган демократик стандартлар ҳамда миллий қонунчиликка тўла риоя этилган ҳолда ташкил қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби пойтахтимиз — Тошкент шаҳрида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови катта уюшқоқликда ўтказилди. Шу куни 14-Тошкент шаҳар сайлов округ сайлов комиссияси, участка сайлов комиссиялари ўзларига юклатилган ўта масъулиятли вазифани юксак дахлдорлик ҳисси билан амалга оширди.
Сайлов жараёнида маҳаллий ва хорижий кузатувчилар фаолият кўрсатди. Жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва кўплаб давлатлардан ташриф буюрган икки юзга яқин хорижий кузатувчилар сайловни кузатиб борди. Буларнинг барчаси мамлакатимиз бугуни ҳамда келажаги учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга мазкур ижтимоий-сиёсий воқеанинг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлади.
Эътиборлиси, халқаро кузатувчилар сайлов умумэътироф этилган демократик стандартлар ҳамда миллий қонунчиликка тўла риоя этилган ҳолда ташкил қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Сайлов куни 14-Тошкент шаҳар сайлов округ сайлов комиссияси фаолияти билан танишиш мақсадида 100 нафарга яқин халқаро кузатувчи ташриф буюрди. Улар томонидан пойтахтдаги сайлов участкаларида олиб борилган тайёргарлик ишлари, умуман кенг жамоатчилик билан сайлов қонунчилиги, муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик борасида амалга оширилган ишларга юксак баҳо берилди.
14-Тошкент шаҳар сайлов округ сайлов комиссияси Матбуот телевидение, радио, матбуот нашрлари ҳамда интернет ахборот сайтлари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйганини ҳам қайд этиш жоиз. Бинобарин, сайловнинг барча жараёнлари оммавий ахборот воситаларида изчил ёритилди, хорижлик кузатувчиларнинг сайловларнинг бориши билан боғлиқ фикр-мулоҳазалари тезкорлик билан оммага етказилди.
Жойлардан сайловга доир қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳақида маълумотлар келиб тушмади. Айни шундай масалаларга тезкор чора кўриш мақсадида ташкил этилган комиссия ишонч телефони орқали қилинган ҳар бир мурожаат, таклиф ҳамда саволларга ўз вақтида жавоб бериб борилди.
Ушбу муҳим сиёсий воқеа тафсилотларини жамоатчиликка кенг етказишда матбуот анжуманлари, брифинглар, семинарлар мунтазам ўтказиб борилди.
Умуман олганда, юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Тошкент шаҳрида ҳам сайлов электоратнинг фаоллиги, сиёсий ва ҳуқуқий етуклик даражаси юксалганини ёрқин намойиш этди. Бир сўз билан айтганда, ушбу муҳим сиёсий тадбир демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, Ватанимиз тараққиёти ва аҳоли турмуш даражаси ҳамда сифатини, фаровонлигини янада оширишга йўналтирилган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида Ўзбекистон халқи ҳамжиҳатлигининг кўзгусига айланди.