Бугундан бошлаб бир қатор қонун ҳужжатларидаги айрим нормалар кучга кирди.
1. 2018 йил 1 сентябрдан Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
• тегишли лицензия асосида Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш;
• аккредитация асосида, ишлаш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон фуқароларининг малакасини тасдиқлаш борасидаги фаолият билан шуғулланиш.
2. Божхона расмийлаштируви соддалашади. Бугундан эътиборан:
• чегара божхона постларида назорат ўтказилганда ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам амалга оширилади;
• иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган, Ўзбекистонга олиб кирилаётган товарларга нисбатан мажбурий мувофиқлик сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмайди;
• товарларнинг “эркин муомалага чиқариш (импорт)” режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмайди;
• “божхона омбори” режимида олти ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан божхона тўловлари юзасидан тақдим этилган имтиёзлар қўлланилмайди.
3. “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, эндиликда шахсий томорқа хўжаликларида ишловчи фуқароларни банд бўлган шахс сифатида ҳисобга олиш механизми жорий этилади.
4. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурларини ва инновация ишларини амалга оширишда иштирок этаётган илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасалари раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчиларнинг маоши ўртача 25 фоизга, илмий-тадқиқот муассасалари муҳандис-техник ходимларининг иш ҳақи миқдори эса 30 фоиздан 100 фоизгача табақалаштирилган миқдорда оширилади.
5. Бугундан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар, шунингдек, соҳа фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинади.
Эндиликда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи “хавфни таҳлил этиш” тизими натижалари асосида амалга оширилади.
6. 2018 йил 1 сентябрдан:
• давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилади;
• ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади;
• жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.
7. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча шахмат клублари ҳамда шахматга ўқитиш ва тайёрлашни амалга оширувчи бошқа спорт муассасалари эндиликда мажбурий аккредитациядан ўтказилади.
8. Умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари шу бугундан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга, юқори синф ўқитувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилади.
Шунингдек, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, психолог штат бирлиги мактабдаги ўқувчилар сони 250 нафаргача 1 штат бирлиги, 250 нафардан 800 нафаргача 1,5 штат бирлиги, 800 нафардан 1600 нафаргача 2 штат бирлиги, 1600 нафардан 3000 нафаргача 2,5 штат бирлиги, 3000 нафардан ортиқ 3 штат бирлиги этиб белгиланади.
Бундан ташқари, мактаб психологларининг базавий тариф ставкалар мутахассис ўқитувчилар базавий тариф ставкаларининг 90 фоизига тенглаштирилади.
9. “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, университет ҳузурида ташкил этилган Олий дипломатия мактабида бугундан бошлаб қуйидаги ходимлар тоифалари мажбурий тартибда қайта тайёрланади ва малака оширади:
• Ташқи ишлар ва Ташқи савдо вазирликлари, ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятга жалб қилинган бошқа вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маъмурий-бошқарув ходимлари – уч йилда бир марта;
• ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолият соҳасида вазифаларни бажариш билан боғлиқ раҳбарлик лавозимига тайинлаш учун захирага олинган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ихтисослаштирилган давлат муассасалари ходимлари;
• Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари ҳамда халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон учун ажратилган квоталарига дипломатик ва маъмурий-техник лавозимларга тайинланадиган ходимлар, шу жумладан, уларнинг турмуш ўртоқлари;
• халқаро муносабатлар ҳамда сиёсий фанлар, халқаро иқтисодиёт ва менежмент, халқаро оммавий ҳамда хусусий ҳуқуқ, гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти йўналишидаги олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари – уч йилда бир марта.
10. Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини экспорт қилишда рухсатнома талаб қилинмайди. Эндиликда битта вилоятда ўнтадан кўп, битта туманда бештадан кўп донли бошоқли экинларнинг районлаштирилган навларини, шунингдек, битта вилоятда бештадан кўп, битта туманда иккитадан кўп ғўзанинг районлаштирилган навларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди (синов ўтказиш учун жойлаштириладиган янги навлар бундан мустасно).
Шунингдек, донли бошоқли экинлар ва ғўза навларини синовдан ўтказиш муддати икки йилдан, бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини синовдан ўтказиш муддати бир йилдан ошмаслиги, Ўзбекистон ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг навларини (донли бошоқли экинлар, ғўза ва картошка уруғларидан ташқари) мажбурий рўйхатдан ўтказиш ва Давлат қишлоқ хўжалик экинлари реестрига киритиш тўғрисидаги талаб бекор қилинади.
11. 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:
• тайёргарлик (5 ёшдан 6-7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари, олий маълумотли ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини, уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларига тенглаштирган ҳолда – 30 фоизга;
• олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячининг ўринбосарлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини – 20 фоизга;
• мактабгача таълим муассасалари мудирлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини – 10 фоизга табақалаштириб оширилади.