Ўтган вақт давомида 55 композит қопламали газ баллонининг портлаши натижасида 23 фуқаро тан жароҳати олган, 41 киши ҳалок бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси матбуот хизмати котиби Олимжон Жўраев ЎзА мухбири билан суҳбатда ушбу тақиққа изоҳ берди.
“Тадбиркорлар томонидан юртимизга кўп йиллар давомида чет мамлакатлардан автомобилларга мўлжалланган турли газ баллон ва ускуналари олиб келинган. Жумладан, Хитойдан усти композит қопламали, халқона айтганда скотчли баллонлар келтирилган. Очиғини айтиш керак, мамлакатимизда аввал бундай баллонларни текшириш ва синаш стандартлари мавжуд эмас эди. Шу боис, бу баллонларга уларни ишлаб чиқарган заводлардан олинган синов натижаси асосида сертификатлар берилган.
Кейинчалик бундай баллонлардан фойдаланишда нохуш ҳодисалар рўй бера бошлади.
Бундай ҳодисаларга мустаҳкамлик даражаси паст бўлган композит қопламали газ баллонлар, баллонларга ортиқча босимда газ қуйиш, металл газ баллонларини навбатдаги техник синовдан ўтказмаслик ёки ўтказилган, деб қалбаки далолатнома расмийлаштиришлар сабаб бўлмоқда.
Тегишли идоралар мутахассислари хулосасига кўра, композит қопламали баллонлар металл қисмининг сифати ва қалинлиги талабга жавоб бермайди”, дейди Олимжон Жўраев.
Маълумот учун, ўтган вақт давомида 55 композит қопламали газ баллонининг портлаши натижасида 23 фуқаро тан жароҳати олган, 41 киши ҳалок бўлган. Яқинда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ана шундай баллон портлаши натижасида 2 (улардан бири ёш бола) йўловчи нобуд бўлди, 6 фуқаро жароҳатланди.