Халқ банки Когон тумани бўлими ходимлари фуқаронинг уйига келиб, 2 нафар боласи борлигини айтиб, кечирим сўраган.
Кейин эса мазкур фуқаронинг мурожаати бўйича амалий чоралар олиб боришга киришилган ва Халқ банки раҳбарияти телефон орқали ушбу мурожаат юзасидан масъулиятсизликка йўл қўйган Халқ банкининг Когон туман бўлими ходимларига нисбатан қатъий чоралар кўрилишини маълум қилган эди.
Шундан сўнг, Халқ банкидан ҳеч қандай расмий бланксиз, 22 май куни рўйхатдан ўтган хат келди. Унинг қисқача мазмуни қуйидагича (ўзгартиришларсиз берилади): “Маълумки, акциядорлик тижорат Халқ банкининг Бухоро вилояти Когон филиалига кредит олиш учун мурожаат қилган фуқаро Тўраев Эркин Эргашовичнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига йўллаган шикоят хатига доир маълумотлар www.qalampir.uz сайтида чоп этилди.
Ушбу маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида Республика Халқ банкининг Бухоро вилояти бўлими томонидан тузилган ишчи гурух фуқаро Тўраев Эркин Эргашович билан учрашган ҳолда қайтадан суҳбат баёни ўтказилди.
Ўрганишларда аниқландики, Халқ банки Когон филиали ходимлари томонидан шикоятчи фуқаро Тўраев Эркин Эргашович билан аввал ҳам белгиланган вақтда ва ўрнатилган тартибда суҳбат баёни олиб борилган.
Буни қайта ўтказилган суҳбат баёнида фуқаро Тўраев Эркин Эргашовичнинг ўзи ва маҳалла ходими З.Камоловалар тасдиқлаб беришган (ушбу суҳбат баёни илова қилинади).
Шунингдек, Сизга бугунги кунда шикоятчининг мурожаати ўрганиб чиқилиб, унда келтирилган масалалар банк филиали томонидан тўлиқ ижобий ҳал этилганлигини маълум қиламиз”.
Кўриб турганингиздек, суҳбат баёнини сохталаштирган банк ходимларига нисбатан ҳеч қандай чора ҳақида гап йўқ. Шунингдек, банк ходимлари фуқаро Эркин Тўраевни ёлғон маълумот беришда айблаган бўлиб чиқди. Бунинг ортидан таҳририятимиз номига ҳам доғ тушиши мумкин эди. Шу мақсадда хат ижрочиси – Банк (хатда қайси банклиги ёзилмаган) ахборот хизмати ходими Бобур Элмуродовга ушбу масалага аниқлик киритиш учун қўнғироқ қилдик, лекин боғлана олмадик.
Кейин мурожаат қилган фуқарога сим қоқдик. Вазиятни тушунтирдик, Эркин Тўраев ушбу хат мазмунини кескин инкор қилди (суратга қаранг).
Маълум бўлишича, Халқ банки Когон тумани бўлими ходимлари фуқаронинг уйига келиб, 2 нафар боласи борлигини айтиб, кечирим сўраган ва Эркин Тўраевдан даъвоси йўқлиги ҳақида ёзма баён ёзиб беришини илтимос қилган.
Буёғи ўзбекчилик, фуқаро айнан даъвоси йўқлигини ёзиб берган. Лекин Халқ банкидагилар ушбу суҳбат баёнини нотўғри талқин қилган.
Бизнинг ҳам ҳеч кимга ёмонлигимиз йўқ. Фуқаро Эркин Тўраевнинг маълум қилишича, энди у кредит олишдан умуман умидини узган.
Хулоса ўрнида, балки Халқ банки раҳбарияти ва ходимлари бир фуқарога кредит ажратишда ростдан ҳам қийналаётгандир. Эҳтимол ўзига яраша машаққатлари бордир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорларга қаратаётган эътибор ва ғамхўрликларининг ўзи камлик қилаётгандир. Яна билмадик.