...
МЕНЮ
ONLINE TV

ИИВ фуқароларга мурожаат билан чиқди


16:04, 24.12.2018 Жамият
 5 286

Янги йил тадбирларини ўтказиш вақтида ёнғин ва бошқа кўнгилсиз ҳодисалар юз бермаслиги учун қандай хавфсизлик чораларини кўриш ҳақида бирон марта ўйлаб кўрганмисиз?

Янги йил яқинлашгани сари ёнғин хавфсизлигига эҳтиёж ортади. Бунга нафақат пиротехника воситалари, балки уй ва иншоотларга ўрнатилаётган чироқли безаклар ҳам дахлдор. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги аҳолига мурожаат билан чиқди. Унда шундай дейилади:
 
Катталар ва кичкинтойлар учун бирдек севимли байрам бу – Янги йилдир. Кўпчилик ушбу байрамга олдиндан тайёргарлик кўриб, арчани безатиш учун турли ўйинчоқлар харид қилади.
 
Лекин, янги йил тадбирларини ўтказиш вақтида ёнғин ва бошқа кўнгилсиз ҳодисалар юз бермаслиги учун қандай хавфсизлик чораларини кўриш ҳақида бирон марта ўйлаб кўрганмисиз? 
 
Янги йил шодиёналарини кўнгилдагидек, шоду хуррамлик билан кутиб олиш учун қуйидаги ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишни унутманг:
 
- ўқув юртларда ва ташкилотларда арчани биноларнинг 1-қаватидаги кенг хоналарга ўрнатилиши, унда хонанинг камида иккита чиқиш жойи бўлиши шарт;
 
- ўтиш жойларини сунъий равишда торайтириш, у ерларга қўшимча ўтириш учун жиҳозлар ўрнатиш ва белгиланган меъёрдан кўп одамлар билан хоналарни тўлдириш мумкин эмас;
 
- муассаса раҳбарлари тантана бошланиши олдидан ёритгичлар созлигини, электр сим ва кабеллар уланиши “Электр ускуналарини тузилиш қоидалари” асосида бажарилганлигини, ёнғинни ўчиришга мўлжалланган бирламчи воситалари мавжудлигини ва уларни ишга яроқлилигини текшириб кўришлари шарт;
 
- Янги йил байрам тадбирлари ўтказиладиган объектларда арча мустаҳкам қилиб ўрнатилиши, шохлари девор ва шифтларга тегмаслиги, сифат сертификатига эга бўлмаган электр гирляндалари ва тез алангаланувчи буюмлар билан безатилмаслиги қаттиқ назоратга олиниши зарур;      
 
- арча қоғоз, целлулоид ўйинчоқлар, пахта ва тез ёнувчи материаллар билан безатилиши мумкин эмас;
 
- арчани иситиш мосламалари ёнида ўрнатмаслик керак;
 
- байрам маросимлари вақтида турли мушак ва бошқа пиротехника буюмларидан фойдаланиш тақиқланади;
 
- болаларни арча атрофида ва арча ўрнатилган хонада қаровсиз қолдириш ҳамда уларни тез ёнувчи материаллардан тайёрланган кийимлар билан ясантириш мумкин эмас;
 
- тадбир вақтида очиқ оловдан фойдаланиш ва шунга ўхшаш ёнғин ёки портлаш хавфи бор ишларни амалга оширмаслик зарур;
 
- носоз электр ўчиргич, розетка, турли маиший электр жиҳозлардан ҳамда ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган ёки зарарланган электр сим ва кабеллардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.
 
Агарда ёнғин аломати сезилса, аввало ёш болаларни хавфсиз жойга чиқариб, зудлик билан «101» рақамига қўнғироқ қилинг.
 
Айниқса қишнинг совуқ кунларида хонадонингизда ёнғин чиқмаслиги учун носоз газ ва электр мосламалари ҳамда қўлбола иситиш ускуналаридан фойдаланманг.
 
Унутманг !
 
Ёнғин тасодифий ёки ўз-ўзидан келиб чиқадиган кимёвий ҳолат эмас, балки у кимнингдир айби билан юзага келувчи бахтсиз ҳодисадир. Ана шу бахтсизликнинг олдини олиш эса ҳар бир кишининг ўз қўлида. Ўз яшаш ва иш жойларингизда ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларини сўзсиз бажарилишини таъминланг. Ана шунда ёнғин келиб чиқмайди ва унинг олди олинган бўлади.

Теглар:Янги йил ИИВ мурожаати 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар