Футболчилик давримда кўплаб совринларни қўлга киритганман. Энди чемпионлик камарлари учун курашаман, дейди Рио Фердинанд.
Собиқ футболчи Instagram тармоғидаги саҳифасига ўтган йилларда амалга оширган машғулотларининг видеосини жойлади.
Шунингдек, Фердинанд ҳазилона равишда таниқли боксчилар Дэвид Хей, Энтони Жошуа ва Тони Белльюларни жангга чорлади.
“Бокс — тана ва ақл учун жуда зўр спорт тури! Ҳар доим боксни севиб томоша қиламан. Омадга эришишим мумкинлигини исботламоқчиман.
Олдимда катта вазифа турибди, буни тушуниб турибман. Ҳамма ҳам профессионал боксчи бўлиши мумкин эмас...
Ўз вақтида футболчи сифатида кўплаб совринларни қўлга киритганман. Энди чемпионлик камарлари учун курашаман”, дея ёзади Рио Фердинанд.
Маълумот учун, 38 ёшли Рио Фердинанд футболчилик фаолиятини 2015 йилнинг май ойида “Куинз Парк Рейнжерс” жамоасида якунлаган.
“Манчестер Юнайтед” жамоасининг собиқ сардори “қизил иблислар” таркибида 312 учрашувда иштирок этиб, 7 та гол урган.
Шунингдек, Фердинанд қисқа муддат ўзини телевидение журналистикаси соҳасида ҳам синаб кўрганди.
Шу ўринда савол туғилади...
Спортчилик даврида 312 та учрашувда атиги 7 та гол урган (тўғри, у ҳимоячи эди), телевидение журналистикаси соҳасида ўзини намоён қила олмаган 38 ёшли спортчи профессионал боксда нимани қойил қиларкан?
Таҳририят Фердинанднинг “оламшумул” режаларини кузатиб боради...