Бу масала бугун биз таҳлил этаётган “ижтимоий тармоқдаги ёзишмалар” муаммосидан анчайин жиддий.
Бугунги мушоҳадаларимиз ҳам айнан шу мавзуга тааллуқли бўлиб, унда муҳокама қилинадиган муаммолар ҳақида фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз...
Замон тезкор... Янгиликлар бисёр! Илм-фан, айниқса ахборот технологиялари жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Ҳар бир янгилик ва ихтиро ортида бирмунча қулайликлар, енгилликлар бор бўлиши билан бирга унинг айрим салбий томонлари ҳам кўриниб қолмоқда.
Буюк ихтирочилардан бири ўз кашфиётининг тақдимотида “Мен бу кашфиётимни инсонларнинг оғирини енгил қилиш учун ўйлаб топдим. Аммо, менинг орзуларим қай даражада ушалиши — ундан фойдаланувчиларнинг фаросатига боғлиқ,” деган эди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, хабарларда ҳарфларни қисқартириб ёзиш кишини шошқалоқ, бесабр ва эътиборсиз қилиб қўяр экан.
Сабаби, олти ёки тўққиз ҳарфли сўзларни қисқартирганда инсон мияси вазифани тез ва осон бажаришга ўрганиб қолади ва бора-бора бу сўзлар янада қисқариб боради. Шу билан бирга, у кишиларда “совуққонлик ҳиссини” келтириб чиқарар экан.
Муҳаббат Аҳматова, талаба:
“...Биз курсдошларимиз билан Telegram ижтимоий тармоғида талабалар гуруҳини очганмиз. Гоҳида дарслардан берилган топшириқларни сўраб ёзадиган бўлсам, улардан мана бу сўроқ “???” белгиларни жавоб сифатида қабул қиламан. Бу “билмайман” ёки “хабарим йўқ” дегани...
Бундан жаҳлим чиқади. Наҳотки, “Узр, уйга вазифа ёдимда йўқ” дейиш шу қадар қийин бўлса.
Яқинда шамоллаб қолганлигим туфайли бир неча кун дарсга бора олмадим. Зерикиб Telegram’даги гуруҳимизга кирдим. Дўст-дугоналарим ҳол-аҳвол сўрай бошлашди. “Тузалиб қолдингми?”, “Қачон дарсга келасан?” саволлари ўрнига улардан бир талай тиниш белгиларидан иборат “хабарлар”ни олдим.”
Муҳаббат билдирган фикрда “қисқартириб ёзиш” муаммоси тилга олинса-да, ушбу жумлалар ортида яширинган яна бир муаммони илғаш мумкин. Бу — талабаларнинг таълим олишга, дарсга тайёр келишга бўлган муносабати! Бу масала бугун биз таҳлил этаётган “ижтимоий тармоқдаги ёзишмалар” муаммосидан анчайин жиддий. Демак, “???” ва бошқа смайлик ҳамда тиниш белгилар Telegram ижтимоий тармоғида очилган гуруҳда тез-тез янграйди...
Тўғри, кимгадир бу белгиларни хабар тарзида ёзиш тез, осон ва қулайдир. Аммо буларнинг бирортасида Ватан, Она, фарзанд каби сўзларда мавжуд бўлган меҳр ва ҳарорат йўқдай, назаримда.
Ақшлик олим Д. Уилмснинг тадқиқотларига кўра, мунтазам равишда уяли алоқа воситаларини ишлатган ўқувчиларнинг зеҳни ва мантиқий фикрлашида турли хил муаммолар юзага кела бошлайди.
Масалан, оддий қўшиш-айириш амалини бажаришга эриниб, уни калкуляторда ҳисоблашади. Бунинг натижасида бола мияси “дангаса” бўлиб қолади.
Ёки дўстлари билан интернет орқали гаплашишганда хабарларни қисқартириб ёзишади. Шу сабабли уларнинг имлосида жуда катта муаммолар юзага келади.
Юқорида тўхталиб ўтганимиздек барча ихтиролар инсон ва унинг яхши яшаши учун. Ундан фойдаланишда ўзимизга шундай “меъёр” қўйишимиз керакки, ихтиролар ҳеч қачон бизга акс таъсир билан муаммоларга дучор қилмасин.