...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Aurum 898” ва бошқа клубларнинг солиқдан қочгани маълум бўлди


12:53, 13.08.2018 Жамият
 8 438

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган хронометраж ва таҳлил натижалари билан танишинг.

“Восточный квартал”, “Принц”, “Зара”, “Будур”, “Березка”, “Пантера”, “Легион”, “Город”, “Зеро”, “Aurum898”, “Лайк Бар”, “УАН МОР”, “ФМ Бар”, “Джей Кью”, “Луксор” буларнинг номини яна давом эттириш мумкин. Уларнинг пештахтасини ўқиган киши қайси бир чет мамлакатга келиб қолдим деб ўйлаши мумкин.
 
Йўқ, чет мамлакатда эмассиз, Тошкент шаҳрида бугунги кунда қирққа яқин шундай тунги вақтда ишлашни хуш кўрадиган объектлар мавжуд.
 
Демократик жамиятимизда тадбиркорларимизга кенг шароитлар яратилмоқда, уларнинг кўпчилиги ҳалол хизмат кўрсатиб, қонунларимизни ҳурмат қилган ҳолда фаолият кўрсатмоқда, солиқларни тўламоқда.
 
Лекин, халқимиз “Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганидек, рақамларга қарайдиган бўлсак, айрим саволлар туғилади.
 
Тунги клубларнинг ҳаммаси ягона солиқ тўловчиси бўлиб, 2018 йилнинг I ярим йиллигида бюджетга 1,3 млрд.сўм ёки ойига ўртача 226 млн.сўмдан солиқ тўлаган. Бу кўпми ёки камми деган савол туғилади?
 
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган хронометраж ва таҳлил натижалари билан танишгач, бу саволга ўзингиз жавоб оласиз.
 
Хронометраж натижалари кечдан тонггача ишлаётган бундай субъектларда энг кам ҳисобда тушумларини ўртача 4 баробаргача яширилаётганлигини кўрсатмоқда. Агар бу рақамларни 6 ойга кўпайтирадиган бўлсак, хақиқий тушум 54,2 млрд.сўмни ташкил этади.
 
Лекин, корхоналар томонидан ҳисоботларида жами товарайланма суммаси 13,6 млрд.сўмни ташкил этганлиги кўрсатилиб, орадаги фарқ суммаси 40,6 млрд.сўмдан иборат. Бу 4,1 млрд.сўм солиқлар бюджетга тўланмади дегани.
 
Шунингдек, ўрганишлар жараёнида ҳар бир тунгги масканларда мижоз томонидан бир дона столни банд қилиш учун норасмий мажбурий буюртма (обязаловка) мавжудлиги аниқланган.
 
Ушбу йўналиш бўйича олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, ўртача бир киши битта столни банд қилиши учун 137,4 минг.сўмдан тўловларни амалга ошириши лозим.
 
Энди ўзингиз ҳисобланг, ўриндиқлар сони ўртача 50 тадан ҳисобланганда бир кунда 254,2 млн.сўм ва бир ой давомида шундай фаолият амалга оширилса 7,6 млрд.сўм, 6 ой давомида эса 45,7 млрд.сўмни ташкил этади. Бу яна 4,5 млрд.сўм солиқ дегани.
 
Булар ҳали ҳаммаси эмас, ҳисоботларида ишлаётган ходимларини 10-11 нафардан кўрсатган бўлсалар, хақиқатда 20-25 тагача ёки 2 баробарга яширилмоқда ва уларга ҳам конвертда берилаётган иш ҳақига даромад солиғи ҳисобланадиган бўлса, бу ҳам ўртача 250 млн.сўмга яқин солиқ суммалари дегани.
 
Халқимиз азалдан халолликни яхши кўради. Кимни қандай хордиқ чиқариши унинг шахсий иши. Бундай клубларнинг тунги 2-3 даги қўштирноқ ичидаги “азиз меҳмонлари” кимлиги ҳеч кимга сир эмас.
 
Лекин, эркинлик билан бирга жавобгарлик масаласи ҳам ёд тушунча эмас.
 
Бугунги кунда солиқ органларига берилган қўшимча ваколатлар, замонавий ахборот технологиялари бундай субъектларни назоратга олиш ва тўлиқ солиққа тортиш имкониятини кафолатлайди.
 
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан барча субъектларга нисбатан огоҳлантириш хатлари юборилиб, назорат тадбирлари давом эттирилади.
 
Бу ҳақда маълумот берар экан, Давлат солиқ қўмитаси тадбир натижалари билан таништириб боришини маълум қилган.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Тунги клуб Давлат солиқ қўмтаси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар