Ҳозирда бутун республика бўйлаб тунги клублар фаолияти ҳар томонлама ўрганиб чиқиляпти.
“Бизга тунги клублардагидек шахсий қўриқлаш хизмати керакми?”, деган савол диққат марказида бўлди.
ИИВ тизимида қўриқлаш хизмати бор бўла туриб, тайёргарликдан, психологик текширувлардан ўтмаган ходимларни қўриқчи қилиб ёллаш хато экани таъкидланди. Хавфсизлик давлат томонидан назорат қилиниши тинчроқ бўлиши қайд этилди.
Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси катта инспектори Абдулбосид Қодиржонов мазкур масалаларга муносабат билдирди.
Қодиржонов тахминан уч йил аввал шахсий қўриқлаш хизматлари фаолияти тақиқланганини таъкидлади. Ўша вақтда фуқаролар тиббий, психологик текширувлардан ўтказилган ҳолда ИИВ Қўриқлаш хизматига ишга олинганини ҳамда қўриқланиши керак бўлган ташкилот ёки муассасага керакли буюмлар – фонар ва резина таёқ билан бириктирилганини эслаб ўтди.
Қодиржоновнинг сўзларига кўра, муассасаларнинг давлат ходими томонидан қўриқланиши ҳар томонлама манфаатли бўларди.
“Қўриқлаш хизматидан икки эркак ва бир аёл қўриқчини шартнома асосида ёллаш “конверт”да ойлик олувчи қўриқчилардан арзонга тушади. Шунингдек, у ёки бу ташкилотга қоидага зид равишда киришга уринган шахс махсус хизмат формасидаги давлат ходимига қўл кўтариши, у билан жанжаллашишга ботина олмаган бўларди” дейди Абдулбосид Қодиржонов.
Эътиборли жиҳатлардан бири шундаки, қўриқлаш хизматидаги ходимлар махсус тайёргарликдан ўтади. Улар ўз хоҳишларига кўра, меҳмонни калтакламайди. Аввало қоидабузар шахс огоҳлантирилади, шундан сўнг ҳам у тўхтамаса, унга нисбатан белгилан меъёрга кўра, куч ишлатилиши мумкин.
Ҳукуматдагилар шахсий қўриқлаш хизматларининг фаолиятини тақиқлашлари ва ИИВ Қўриқлаш хизмати фаолиятини такомиллаштириб, муассасаларга бириктирилиши юзасида бош қотиришлари фойдадан ҳоли бўлмасди.
Негаки, замонавий дунёда тунги клублар, дам олиш муассасалари ҳам ўз ўрнида керак. Аммо уларнинг фаолиятини назоратга олиш ва тўғри ишлашларини таъминлаш ҳам лозим.
Эслатиб ўтамиз, Жамшид Кенжаевнинг тунги клуб олдида пичоқланиб, калтакланиши ва шифохонада вафот этгани бўйича жиноий иш очилган. Жиноий иш юзасидан тўрт киши ҳибсга олинган. Ҳозирда тергов ишлари олиб бориляпти.