Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 2015 йилдаги Президент сайловида ҳам Наримон Умаров номзоди қўйилган эди.
Мажлисда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Мамлакат ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу жараёнда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг муносиб иштирок этиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Кун тартибидаги масала юзасидан партия Сиёсий Кенгаши аъзолари фикр билдириб, Президент сайлови демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг муҳим белгиси, халқнинг хоҳиш-иродаси эркин ифодаланиши, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг асосий шакли эканлигини қайд этишди. Ўз навбатида “Адолат” СДПнинг дастурий мақсад ва вазифалари ўзида аҳоли манфаатларини ифода этиши ҳамда бўлажак сайловлар партия ғояларини яна бир бор сайловчилар орасида кенг тарғиб қилиш, партиядан кўрсатиладиган Президентликка номзоднинг сайловолди дастури орқали электорат манфаатларини янада чуқурроқ ифодалаш имконини беришини, шу боис, миллий сайлов қонунчилигида сиёсий партияларга берилган ушбу имкониятдан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилди.
Пленум иштирокчилари ушбу сайловда партия номзоди хусусидаги масалани ҳам атрофлича кўриб чиқдилар.
Мазкур масалада йиғилиш қатнашчилари, партия электорати ва тарафдорларининг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, Сиёсий Кенгаш раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Нариман Маджитович Умаров номзодини партиянинг навбатдаги VIII Қурултойида кўрсатилишини қўллаб қувватладилар.
Ушбу масала юзасидан сўзга чиққан партия Сиёсий Кенгаши аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзоди Н.Умаров етарли ҳаётий тажрибага эга эканлиги, сафдошлари орасида обрў-эътибор қозонганлиги ҳамда бўлажак сайловда иштирок этиш учун муносиб номзод эканлигини қайд этиб ўтишди.
Партиянинг ушбу сайловларда иштироки билан боғлиқ масалалар унинг олий органи – Қурултойида ҳал қилинишидан келиб чиққан ҳолда мажлис қатнашчилари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг навбатдаги VIII Қурултойини 2016 йилнинг 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида чақирилишини белгилаб олдилар.
Муҳокама якунида Пленум иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қатнашиш мақсадида тайёргарлик ишларини кучайтириш, Марказий сайлов комиссиясига белгиланган ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш каби масалаларга тўхталиб ўтишди.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.