Сурхондарё вилоятида “Сурхон” (Термиз) профессионал футбол клубини қайта тиклаш масаласида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишни вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Эркинжон Турдимов олиб борар экан, федерация фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, бугунги кунда футбол оммавийлигини ошириш ва ривожлантириш, профессионал футболнинг моддий-техник базасини шакллантириш бўйича мавжуд муаммолар таъкидлаб ўтилди.
Йиғилишда, 2016 йилги мавсум якунига кўра, ўтиш турнирида муносиб қатнашган “Нефтчи” жамоаси биринчи лигага йўлланма олган бўлса-да, уй учрашувларни ўтказиш учун Жарқўрғон туманида яратилган шарт-шароитлар, спорт базаси ва стадиони Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси талабларига жавоб бермаслиги қайд этиб ўтилди.
Шу туфайли вилоят ҳокимлиги вилоят футбол федерацияси ва “Нефтчи” футбол клуби раҳбарияти билан келишилган ҳолда мамлакат биринчи лигасида 2017 йилги мавсумда “Сурхон” (Термиз) профессионал футбол клуби қатнашиши маълум қилинди.