Хонадон эгалари давлат раҳбари халқ ичига кириб, одамларнинг фикрини ўрганаётганидан юртдошларимиз жуда мамнун бўлаётганини таъкидлади.
Давлат раҳбари Сурхондарё вилоятига сафари давомида Ангор туманидаги Занг гиламбоб қишлоғида Шоди бобо Хушбоқов хонадонида бўлди. Шавкат Мирзиёев Шоди бобо ва у кишининг умр йўлдоши Саломат момо билан оиланинг кундалик ҳаёти, фарзандлар ва набираларнинг тарбияси тўғрисида суҳбатлашди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
“Сиз каби кўпни кўрган, юзидан нур ёғилиб турган отахон ва онахонлар жамиятимизнинг мустаҳкам замини, юртимизнинг файзу баракасидир”, дейди Президент.
Ердан унумли фойдаланилса, Сурхондарё шароитида йилда уч мартагача ҳосил олиш мумкинлиги, ҳаракат қилган одам ўзини ҳам, халқини ҳам бой қилиши таъкидланди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар, истиқболдаги режа ва эзгу мақсадлар ҳақида сўз юритилди.
Хонадон эгалари давлат раҳбари халқ ичига кириб, одамларнинг фикрини ўрганаётганидан юртдошларимиз жуда мамнун бўлаётганини таъкидлади. Одамлар оғирини енгил қилиш, турмушини янада фаровон этиш борасидаги улкан, тизимли ишлари учун Президентга самимий миннатдорлик билдирди.