Ушбу китобдан 2013 – 2016 йиллар давомида Президент Ислом Каримовга юборилган мактублардан айрим намуналар ўрин олган.
Ушбу китобдан 2013 – 2016 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқаролари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, таниқли сиёсатчилар, жамоат арбоблари томонидан келган хатлар ва уларга жавоб мактубларидан айрим намуналар ўрин олган.
Мазкур хатларни ўқир экансиз, турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган, ёши, касбу кори, миллати ва дунёқарашига кўра бир-биридан фарқ қиладиган мактуб эгаларининг ўй-фикрлари, орзу-интилишлари нақадар холис ва самимий экани, уларни умумий бир хусусият – она Ватанимизга, халқимизга, Президентимизга меҳр ва ишонч бирлаштириб турганини яққол ҳис қиласиз, дейилади хабарда.
Мазкур китобда жам бўлган хатларда оддий мактаб ўқувчисидан тортиб кўпни кўрган тажрибали инсонларгача, ишчи ва муҳандислар, деҳқон ва фермерлар, тадбиркор ва ишбилармонлардан тортиб шифокор, муаллим ва мураббийларгача, илмий-ижодий соҳа вакилларидан тортиб ҳарбий хизматчиларгача, қисқача айтганда, бутун халқимизнинг овози баралла эшитилиб туради, десак, муболаға бўлмайди.
Мактуб муаллифлари орасида хорижий давлатларнинг фуқаролари, атоқли давлат ва сиёсат арбоблари ҳам борлиги Президентимизнинг серқирра фаолияти халқаро миқёсда, чет элларда ҳам катта қизиқиш уйғотаётгани – мамлакатимиз қўлга киритаётган улкан марралар жаҳонда тан олинаётгани ва кенг эътироф этилаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Бундай хатларда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, Ўзбекистон билан чет давлатлар ҳамкорлигининг турли қирралари, халқимизнинг қадимий ва бой тарихи, унинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги долзарб масалалар ечими бўйича Президент Ислом Каримов томонидан илгари сурилаётган амалий таклиф ва хулосаларнинг аҳамияти ҳақида сўз боради.