Хонанда Тамиланинг “беҳаё видеороликларга алоқам йўқ” деган гапига “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вакили Одилжон Абдуқаҳҳаров жавоб қайтарди.
Одилжон Абдуқаҳҳоров, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Махсус рухсатнома (лицензия) берувчи ташкилий бошқарма бошлиғи:
— Очиғи, сиз айтаётган видеони биз ҳам кўрдик. Қизиқ, Тамилалиги яққол аён бўлиб турган видеоқаҳрамонини қайси эксперт бошқа одам, дея оларкин. Тамиланинг продюсери у билан ҳамкорликни тўхтатгани ҳақида бирлашмани огоҳлантирган эди. Экспертиза хулосаларидан эса бизнинг хабаримиз йўқ. Агар Тамила шу йўл билан лицензиямни қайтариб оламан деб ўйлаётган бўлса, хато қилади. Видеони томоша қилганларга унинг қаҳрамони Тамила экани кундек равшан.
— Тамила экспертлар хулосасини бирлашмага тақдим этса, унинг лицензияси қайтариладими?
— Йўқ! “Ўзбекнаво”нинг қарори ўйинчоқ эмас. Керак бўлса биз ҳам Тамила билан боғлиқ видеороликларни экспертизага берамиз. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳеч кимнинг лицензиясини бесабаб олиб қўймаган ва бундай бўлмайди ҳам.