Ўтган йилда инвестиция дастурига кўра 820 миллион доллардан кўпроқ маблағ ўзлаштирилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” томонидан 2016 йилда 68 миллион тонна юк ташилди. 21,1 миллион йўловчи ўз манзилига етказиб қўйилди. 369 миллион доллар миқдорида экспорт хизматлари кўрсатилди. Акциядорлик жамияти саноат корхоналарида 422,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Тизимда 2 минг 300 га яқин иш ўрни яратилиб, ишчилар сони 70 мингдан ошди.
Ўтган йилда инвестиция дастурига кўра 820 миллион доллардан кўпроқ маблағ ўзлаштирилди. Натижада қатор лойиҳалар амалга оширилиб, йўловчилар учун қулайликлар яратилди. Хусусан, 2016 йилда узунлиги 123,2 километрни ташкил этувчи Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ва унинг доирасида бунёд этилган узунлиги 19,2 километрдан иборат Қамчиқ туннели фойдаланишга топширилди. Ўтган йил 11 июлдан бошлаб, мазкур янги темир йўл орқали Фарғона водийсига ҳамда у ердан юртимизнинг бошқа ҳудудларига юк поездлари қатнови йўлга қўйилди. Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида Тошкентдан Андижонга биринчи йўловчи поезди қатнови бошланди. Ҳозир Тошкент – Андижон – Тошкент йўналишида ҳар куни замонавий тезюрар йўловчи поезди аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Андижон – Бухоро – Андижон йўналишида ҳафтасига иккита йўловчи поезди, ҳафтада бир маротаба Андижон – Урганч – Андижон, Андижон – Москва – Андижон йўналишларида йўловчи поездлари қатнови ташкил этилди. Бундан ташқари бир суткада ўнлаб юк поезди Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли орқали ўтиб, юкларни ўз манзилига етказмоқда.
Самарқанддан Бухорогача бўлган масофада 140 километрдан ортиқ янги темир йўл қурилди. Мавжудлари замонавий таъмирланиб, Бухорогача тўлиқ электрлаштириш ишлари амалга оширилди.