“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти томонидан тадбиркорлар учун кўргазмали семинар ташкил этилди.
“Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси У.Салимов тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, унинг ташқи омилларга боғлиқлигини камайтириш, ишлаб чиқариш жараёнига янги ва самарали технологияларни жорий этиш муҳим вазифалардан эканини таъкидлади.
Ўзбекистонда автосаноат ривожлана бошлаган дастлабки йилларда 4 маҳаллий таъминотчи корхона томонидан 12 хил бутловчи қисм ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирга келиб маҳаллий таъминотчиларнинг сони 100 дан ошди. Улар томонидан 2,5 мингдан ортиқ турдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда.
“Айни пайтда “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамиятида импорт ҳажми 5 фоизни ташкил этадиган бўлса, бу йил сўнгига қадар 480 детални маҳаллийлаштириб, импортни 10 фоизга қисқартирамиз. Бунга импорт ҳажми ва тузилмасини тизимли равишда таҳлил қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнини чуқурлаштириш, мамлакатимизда рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада ривожлантириш орқали эришамиз”, деди У.Салимов.
Шунингдек, тадбирда соҳага доир меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.