Тумандаги 57-умумтаълим мактабида эса энг ачинарли ҳолат кузатилган.
“Камолот” фаоллари томонидан олиб борилган текширув пайтида аниқландики, Ғаллаорол туманидаги 24-умумтаълим мактабида икки нафар бошланғич ташкилот етакчиси фаолият юритиб, (бошланғич ташкилотда бир етакчи бўлиши лозим) иккаласи ҳам иш жойида бўлмаган. Mактаб директори ва “Камолот” ЁИҲ туман кенгаши раиси Ойбек Назаров ҳамроҳлигида етакчиларнинг иш ҳужжатлари билан танишганда, режа бўйича белгиланган тадбирлар тўлиқ ўтказилмаган, лойиҳаларга ёшларни қамраб олиш кўрсаткичи ҳам жуда паст, охирги марта бошланғич ташкилот ҳисобидан аъзоларни чиқариш 2013 йилда амалга оширилганининг гувоҳи бўлишган.
Бу каби ҳолат 87-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳам юз берган. Мактаб директори бошланғич ташкилот етакчиси Барно Ҳайитбоева яқинда даволангани боис, уйида дам олаётганини айтган. Шундай бўлса-да, етакчини чақириб, суҳбатлашишга шароит яратиб берган. Етакчига дастлаб бошланғич ташкилотнинг иш ҳужжатлари билан танишмоқчи эканини айтганда, “Камолот” ЁИҲ хонаси қолиб, “Тиббиёт хонаси”га бошлаган. Бошланғич ташкилот фаолиятига оид ҳужжатлар шу хонада сақланар экан. Хонадаги стол ғаладонидан бир қучоқ ҳужжатларни олиб, кўрсатишга тутинган етакчининг ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган. “Камалак” болалар ташкилотининг устави, ҳисобот-сайлов папкаси ҳам йўқлиги аниқланган.
57-умумтаълим мактабида эса энг ачинарли ҳолат кузатилган. “Камолот” ЁИҲ туман кенгаши томонидан иш фаолияти қониқарсиз деб топилган “57 умумтаълим мактаби БТ етакчиси Шаҳноза Ҳусанованинг алоҳида хонаси мавжуд эмас, иш фаолияти суст, Ҳаракатнинг туман кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирлар ва йиғилишлардаги иштироки паст даражада, хизмат вазифасига нолойиқ”, деб топилган бу каби ҳодимлар ҳали-ҳамон иш фаолиятидан озод этилмаган.
Мактаб директорининиг бошланғич ташкилот етакчиси касал бўлиб қолганини ва келолмаслигини айтиб, бу каби масалаларга жиддий қарамаслиги, ўз ходимининг касбини суиистеъмол қилишига бир четда томошабин бўлиб, қараб туришига ҳаққи бормикан? Ёки ўша ходим унинг қариндошимикан? Ёхуд Ҳаракат фаоллари бораётганидан хабар топиб, иш даражаси сифатсизлиги учун ходимини ўзи кетказиб юборгандир.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати тарғиботни янада кучайтириши керакдир. Ёшларимиз бу ташкилотни шунчаки юзаки эмас, чуқурроқ англаб етиши, бошланғич ташкилот нима эканини, ёшлар учун қандай имтиёзлар яратилётганини кенгроқ тарғиб қилишлари лозим. Марказий кенгаш ходимлари БТ етакчилари билан янада ҳамкорликни мустаҳкамлаб, улар орқали ёшларимизни “Ёшларга оид қонунлар” билан таништириб бориши ва фаолиятини мунтазам кузатишлари керак. Чунки улар тарбиялаётган авлод юртимиз эртасидир.