...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Автотест” монополиясига қарши чиққан депутат тинчигани йўқ! У ҳукумат қароридан қониқмаяпти


11:09, 01.03.2018 Жамият
 12 711

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ҳукуматнинг қароридан қониқмаганини ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Қодир Жўраев, Расул Кушербоев, Қобил Носиров ҳамда Акмал Умрзоқов “Автотест” МЧЖнинг монопол ҳуқуқларини бекор қилиш бўйича ҳукуматга мурожаат йўллагани, жорий йилнинг 23 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштариш чора тадбирлари тўғрисида”ги 139-сонли қарори билан Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланувчи “Автотест” инновацион автомактабининг монопол ҳуқуқи бекор қилингани ҳақида хабар берган эдик.
 
Бироқ, ҳукуматга мурожаат билан чиққан депутатлар, хусусан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ҳукуматнинг қароридан қониқмаганини ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб қолдирди.



“Автотест” ҳақидаги қарордан қониқдингизми, деб кўпчилик сўраяпти. Йўқ, қониқмадим! Бирорта рози бўлган одамларнинг фикрини ҳам эшитмадим. Бироз вақт ўтган бўлса ҳам очиғи, қарор матни билан “lex.uz”да ўз вақтида танишиш имкони бўлмади”, деб гап бошлайди депутат.
 
Расул Кушербоев тадбиркорлар, юридик шахсларнинг тарафини оларкан, ҳукумат қарорида ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш муддати ва тўлов ҳам ўзгаришсиз қолганини алоҳида урғулайди:
 
“Қарорда ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш муддати ўзгаришсиз қолибди, устига-устак тўланадиган маблағ миқдори ва тўловчи ҳам. Бунақада юридик шахсларни ҳонавайрон қилмасак бўлди, ишқилиб. Шу ўринда мақсад ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш, фойда олиш эмас деган гапга қанча ҳаракат қилсам ҳам барибир ишониш қийин бўляпти”
 
Қарорда автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида бошқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахсларга малака ошириш мажбурий эмаслиги белгилаб қўйилган эди. Депутат айни масалага ҳам тўхталиб, бу билан катта натижага эришилмаганини айтади.
 
“Якка тартибдаги тадбиркорлар бир ҳисобдан жисмоний шахс. Уларни малака оширишдан озод қилиш катта иш ҳал бўлди, дегани эмас. Монополия бекор бўлди деб ҳисобласак, 1 июнгача барибир ҳуқуқ “Автотест”да қоляпти, камига бошқаларга лицензия шартлари жуда қийинлаштирилибди. Бу қанча овора бўлма, бошқаларга бу ҳуқуқни амалда шунчаки бериб қўйишни истамаймиз, дегани, фикримча. Хуллас, гапирса гап кўп! Оддий айтганда, қарор ўйлаганимдек бўлмабди, вассалом. Энди буёғини кўрамиз...”
 
Расул Кушербоев ва “Автотест” монополиясига қарши чиққан бошқа депутатлар ҳукуматнинг навбатдаги қарори билан қониқадиларми ёки яна ўз истакларида собит қоладиларми, ҳозирча буниси қоронғу. Аммо тадбиркорлар, кўплаб корхона ва ташкилотлар ўртасида катта муҳокамага сабаб бўлиб келаётган ушбу масала шу билан якун топмайдиганга ўхшайди. 

Теглар:Расул Кушербоев Автотест 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар