Тошкент кўчаларида 28 мингдан зиёд йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатлари қайд этилган.
21-27 апрель кунлари Тошкент кўчаларида 28 мингдан зиёд йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатлари қайд этилган. Бунда 20 458 та қоидабузарлик йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан, 7 565 та қоидабузарлик чорраҳаларга ўрнатилган кузатув камералари орқали аниқланган.
Таҳлиллар пойтахт кўчаларида 15 мартдан бошлаб ишга туширилган кузатув камералари ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда тартиб посбонларининг мушкулини анча осонлаштирганини кўрсатмоқда. Хусусан, видеокузатув камералари ишга тушгандан бери 127 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда 18 нафар одам ҳалок бўлган, 147 киши жароҳатланган. Бу ўтган йилга нисбатан йўл-транспорт ҳодисалари 56 тага, унда жароҳатланганлар 73 тага, вафот этганларнинг сони эса 13 тага камайганини кўрсатади.