Муқаддас Холиқованинг қизи 1-сонли Марказий клиник шифохонанинг айрим шифокорлари ва ҳамширалари масъулиятсизлиги сабаб актриса бошқа шифохонага ўтказилганини маълум қилди.
Орадан кўп ўтмай, Муқаддас Холиқованинг қизи Зебинисо ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали онасининг аҳволи ҳақида маълумот бериб, 24 январь куни, тунда шифокорларнинг эътиборсизлиги сабаб Холиқова кўп қон йўқотгани, қон босими тушиб кетиб, саломатлиги янада оғирлашгани ҳақида ёзди ва шифокорларни инсон саломатлиги йўлида ўз ишига янада эътиборлироқ бўлишга чақирди. Шифокорларга нисбатан эътирозларини ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан ўчириб юборган Зебинисо уни такрор тармоққа жойлаштирди. Бу ҳолатга нисбатан “Олдинига кўп ўйладим, айрим тиббиёт ходимларининг масъулиятсизлигини ёзмасаммикин деб. Лекин нега индамаслигим керак? Ёзаман ҳам. Баъзи шифокорлар жуда масъулиятсиз, айниқса, ҳамширалар. Шифокорлар қарайди, даволайди. Бироқ айрим ҳамшираларнинг лаёқатсизлиги беморларнинг оғир аҳволга тушишига сабаб бўлади”, дейди Холиқованинг қизи.
Шундан сўнг таҳририятимиз ходимлари Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқованинг аҳволидан хабар олиш мақсадида унинг қизи Зебинисо билан боғланди. Зебинисонинг бизга маълум қилишича, Муқаддас Холиқова кеча, 24 январь куни тушдан сўнг 1-сонли Марказий клиник шифохонанинг жонлантириш бўлимини тарк этиб, Тошкентдаги Республика Кардиология маркази шифохонасининг жонлантириш бўлимига ўтказилган.
Айни дамда Холиқовага қўйилган ташхис бўйича шифокорлар даво чораларини кўришмоқда. Актрисанинг қачон жонлантириш бўлимидан чиқарилиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Муқаддас Холиқованинг қизи биз билан суҳбатда Республика Кардиология маркази шифохонаси ходимлари ва онасининг мухлислари, дўстларига миннатдорчилик билдирди.
Фурсатдан фойдаланиб, таҳририятимиз номидан Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқованинг тезроқ соғайиб, жонажон театри саҳнасига қайтишини тилаб қоламиз.