Автоҳалокат оқибатида ағдарилиб кетган машина остида қолиб кетган қиз эндигина 19 баҳорни қаршилаган эди.
Ижтимоий тармоқлардаги “Водители Ташкента” гуруҳида жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур йўл-транспорт ҳодисаси акс этган фотосуратлар ҳақиқатан кишини жугбушга келтиради. Ҳалокатга учраган Spark ҳамда Matiz автомобиллари деярли таниб бўлмас даражага келган.
Гувоҳларнинг айтишларича, ҳалокат юз бергандан сўнг, Matiz машинаси ағдарилиб кетган. Автомобиль кўтарилганида, унинг остида бир қиз бўлгани ва у воқеа жойининг ўзида ҳаётдан кўз юмгани маълум қилинди.
Маълумотларга қараганда, воқеа жойига етиб борган қизнинг отаси бу жудоликдан чуқур қайғуга тушган. Бу воқеадан таъсирланган “Qalampir.uz” мухбири Умида Якубова ўз жигарбандини йўқотган ота нолаларини қоғозга туширди. Ана шу мисраларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ота тилидан...
Кўксим ёнар, эзилар бағрим,
Самоларга етмоқда нолам.
Бир нокаснинг айби туфайли,
Бугун ерга қўйилди болам.
Энди уни қайтариб бўлмас,
Ортга қайтмас, кечаги кун ҳам.
Ўн тўққизга кирган гулимдан,
Хотиралар қолди бир тутам.
Маст бўлганми ёки беуйқу,
Ҳайдовчидан қилайми гина?
Нима бўлар эди, у рулда,
Шошилмайин юрса салгина?
Мени балки тушунмассиз ҳечам,
Ғазабимни босмоқда имон.
Шошмашошар ҳайдовчини деб,
Менинг қизим таслим қилди жон.
Мингдан-мингга розиман болам,
Берган нону тузимга... эй воҳ.
Тўйларингни кўриб, ўлсам майлиди,
Жанозангга бўлгунча гувоҳ.
Кўксим ёнар, эзилар бағрим,
Самоларга етмоқда нолам.
Бир нокаснинг айби туфайли,
Бугун ерга қўйилди болам.