“Мен сен билан қироличаман” номли мусиқий альбом – Юлдуз Усмонованинг 30 йиллик ижоди давомидаги 60-альбомдир.
Сайтимиз орқали Ўзбекистон халқ артисти, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳибаси Юлдуз Усмонова “Мен сен билан қироличаман” деб номланган янги мусиқий альбомини тақдим этиш арафасида тургани ҳақида хабар берган эдик.
22 декабрь куни Тошкентдаги “Наврўз” ресторанида Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг янги мусиқий альбоми тақдимот маросими ва концерт дастури бўлиб ўтди.
Тақдимот маросимига тахминимизча мингга яқин томошабинлар таклиф этилган. Улар орасида Ўзбекистон халқ артистлари Ғуломжон Ёқубов, Муқаддас Холиқова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Саида Раметова, Зуҳра Ашурова, Рашид Холиқов, хонандалар Шаҳзода, Дилдора Ниёзова, Муниса Ризаева, Каниза, актрисалар Нигора Каримбоева, Шаҳзода Матчонова, Ҳалима Ибрагимова, Зебо Наврўзовага кўзимиз тушди.
Тақдимот маросимини телебошловчилар Отабек Тожибоев ва Нилуфар Сотиболдиева олиб борди. Бошловчилар бу йил Юлдуз Усмонованинг ижодига 30 йил тўлиши ва мазкур мусиқий альбом Юлдузнинг фаолияти давомидаги 60-альбоми эканини эълон қилишгач, залда қарсаклар тинмади. Саҳнага симфоник оркестр ва Юлдуз Усмонованинг созандалари таклиф этилди. Саҳнани тўлдириб ўтирган созандалар гуруҳи Юлдуз Усмонованинг репертуаридаги энг оммалашган қўшиқлар – “Майда-майда”, “Оққина олма”ларнинг мусиқасини “попури” кўринишида ҳавола этишди. Сўнг саҳнага Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова таклиф этилди. Хонанда меҳмонлар қаршисига “Ёринг бўлай” деб номланган янги қўшиғи билан пешвоз чиқди.
Куни кеча интернет тармоқлари орқали тингловчиларга эълон қилинган “Мусофирлик нонин еганлар” номли қўшиқ жаранг сочганда, унга жўр бўлганларга, ҳатто ёш тўкканларга ҳам кўзимиз тушди. Шу ўринда мақола аввалидаги мулоҳазаларга яна бир бор тўхталсак. “Юлдузнинг ижоди айниди, унинг қўшиқларидан маъно топиб бўлмайдиган бўлиб қолди”, – деганлар балки шу қўшиқни эшитиб кўрса фикридан қайтар. Хонанда мусофирнинг дардини куйга солди, ғам-у ташвишларини нолаларида баён этди.
Биринчи блокга якун ясалгач саҳнага Юлдуз Усмонованинг устозлари – Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Темур Маҳмудов ва Ўзбекистон Давлат Консерваторияси профессори Аваз Мансуров таклиф этилди. Темур Маҳмудов Усмонованинг 30 йиллик ижодий фаолиятига тўхталар экан, унинг ҳам мақом, ҳам эстрада қўйингки, мусиқанинг барча жанрларида бемалол куйлай олиши, рус, инглиз, турк тилидаги қўшиқлари хорижда ҳам ўз мухлисларини топгани, санъат миллат ва чегара билмаслиги айнан Юлдузнинг ижодида ўзининг яққол ифодасини топганига алоҳида эътибор қаратди.
Ёдингизда бўлса Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 2007 йилга қадар ҳозирги “Истиқлол” санъат саройида тақдим этган концерт дастурларининг ҳар бирида халққа янги раққосаларни тақдим этиб, уларга томошабинлар кўз ўнгида ишонч билдирарди. Бунга мисол тариқасида ёш раққосалардан Зарина Аҳмедова, Муҳаббат Қурбоновани келтириш мумкин. Юлдуз Усмонова тақдимот маросимига йиғилган мухлисларга ҳам айнан шуни эслатиб, ўша раққосалар бугунги дастурда чиқиш қилаётганини айтиб ўтди.
“Керак бўлса, жоним фидо” – Юлдуз Усмонова ижодида Тошкент-Фарғона йўлида айтилган энг сўнгги қўшиқлардан бири. Бу қўшиқни Юлдузнинг асл шинавандаларигина билади, холос. Хонанданинг янги “Мен бобомни соғиндим” номли янги қўшиғи айнан Тошкент-Фарғона йўлида куйланган бўлиб, у “Керак бўлса, жоним фидо”ни ёдимизга солди. Усмонова қўшиққа миллатнинг дардини жо этди. Ориятли, қадди тик ўзбек қани, бош эгмаган бек қани, қошида ўсма, юзида ҳаёси бор момом қани, деб куйлаган хонанданинг навбатдаги қўшиғи ҳам мухлислар томонидан олқишлар билан кутиб олинди.
“Шайтонга бўйсунга юраклар”ни эслайсизми? Ўша қўшиқнинг клипиничи? Сочлари қўнғироқ жажжи қизалоқ – бугун онасининг суянган тоғи. Бу галги альбомдан ҳам Юлдузнинг қизи билан куйлаган дуэти ўрин олган бўлиб, “Мен сен билан қироличаман” деб номланган ушбу тарона концерт дастурида ҳам жаранг сочди. Қўшиқ сўнгида Юлдуз Усмонова қизига оқ йўл тилар экан, “Уйда фарзандим бўлганинг билан кўчада Нилуфар Усмоновасан. Халққа ситқидилдан хизмат қил”, – деб насиҳат қилди.
Сўнг саҳнадаги бошловчилар томошабинларнинг эътиборини саҳнадаги катта мониторга қаратди. Экранда турк шоу-бизнесининг кўзга кўринган ижодкорлари – хонанда ва созандалар, бастакорларнинг Юлдуз Усмоновага аталган табриклари намойиш этилди.
Хонанда саҳнада нафақат янги қўшиқларини, балки 30 йиллик ижодидаги энг хит тароналарни ҳам тақдим этди.
Discovery компанияси томонидан сотувга чиқарилган янги мусиқий альбомдан хонанданинг 17 та янги қўшиғи ўрин олган.
Йиллар ва йўллар Юлдузни анча синади. Қоқилди, йиқилди... Хатоларини англаб етди. Энг муҳими у қаддини тик тутишга куч топди. Қўшиқлари билан яраларни тирнади, кўзларни намлади ва билакс дарддан фориғ этди, кўнгилларни бир зумга бўшатди, дунё гўзаллигини англатди. У Ватанни севишни ўргатди. “Ўзбекистон”, “Асрай билгин”, “Халқ бўл элим”, “Нима қилдик Ватан учун?”... Минглаб, миллионлаб ёшларнинг қалбига Ватан туйғуси шу қўшиқлар орқали сингди.
Юлдуз ҳар қайси вазиятда ҳам ҳамма нарсани яна бошидан бошлашдан қўрқмади. Шунинг учундир у тириклигидаёқ қалбларга ўз ҳайкалини, сиймосини ўрнатиб улгурди. Меҳрдан бунёд бўлган бу ҳайкални, сиймони эса синдириб бўлмайди.
Қамариддин Шайхов
Фотограф Жамшид Исакхаджаев
Асистент Азиз Ҳакимов