21 декабрь куни "Истиқлол" санъат саройида "Эътироф-2015" миллий мукофоти совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Сайтимиз жамоаси мазкур маросимдан онлайн репортаж олиб борди.
Аввал хабар берганимиздек бугун "Истиқлол" санъат саройида "Эътироф-2015" мукофоти тақдирлаш маросими бўлиб ўтмоқда. Маросимни www.qalampir.uz жамоаси онлайн тарзда ёритиб боради. Айни дақиқаларда тақдирлаш маросимига старт берилди. Тақдирлаш маросими ва концерт дастури "Мафтун бўлдим" фильмидаги қулоққа таниш ёқимли оҳанглар билан бошланди.
Маросимни телебошловчилар Жамшид Умрзоқов ва Нилуфар Сотиболдиева олиб бормоқда.
2013 йилдан буён ўтказилиб келинаётган "Эътироф" миллий мукофотига бугунга қадар маданият ва санъат, спорт, ТВ ва радио соҳасининг 49 нафар вакили сазовор бўлди. Бугун яна 23 нафар киши ғолиблик шоҳсупасига кўтарилади. Кўрамиз, "Эътироф" ўзининг муносиб эгаларини топармикин?
Биринчи мусиқий чиқиш Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқовдан бўлди. Хонанда "Ором" болалар ансамбли билан "Эй, азиз юртим" номли қўшиғини куйлади.
Саҳнадаги бошловчилар ғолиблар холислик ва адолат мезонларига асосан аниқланганини алоҳида эътироф этиб ўтишди.
Ва ниҳоят кутилган дақиқалар етиб келди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Фотиҳ Жалолов ва Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов "Йилнинг энг яхши театр актёри" номинацияси ғолибини аниқлаб беришди.
Ғолиб – Ўзбек миллий академик драма театри актёри Феруз Бурхонов. Сиз уни "Туташ тақдирлар" сериали орқали яхши танийсиз.
"Йилнинг энг яхши театр актрисаси" номинацияси Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси Шаҳло Темировага насиб этди. Мухлислар уни Улуғбек Раҳматуллаевнинг "Чақалоқлар" қўшиғига ишланган видеоклипи орқали танишади.
"Йилнинг энг яхши кино актёри" номинацияси ғолиби – Шоҳрух Насимов. У бугунгача "Одноклассники", "Ажал жодуси" каби фильмларда роль ижро этган.
Қатор клиплар ва фильмлар орқали томошабинларга яхши таниш бўлган актриса Юлдуз Ражабовага "Йилнинг энг яхши кино актрисаси" номинациясида ғолиблик насиб этди. У маросимда иштирок эта олмагани сабабли мукофотни режиссёр Рустам Саъдиев қабул қилиб олди.
"Йилнинг энг яхши ёшлар дастурлари продюсери" номинацияси "Эътироф" миллий мукофотига бу йил киритилган бўлиб, соврин "Менинг юртим" телеканали журналисти Бахтиёр Сафаровга топширилди.
"Энг яхши тарихий образни яратган аёл" – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Йўлдошева шоира Зулфияхонимга бағишланган фильмдаги роли учун.
Сиз бу актрисани "Туташ тақдирлар" сериалидаги қайнона образи орқали яхши танийсиз. Актриса Гулбаҳор Йўлдошева сўзга чиқар экан, "Дийдор" театр студияси жамоасига миннатдорчилик билдирди.
Маросимда бу йил янгиликлар кўп. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқова ва "Ниҳол" мукофоти совриндори Ирода Дилрознинг дуэти ана шундай кутилмаган онлардан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди.
"Тасвирий ва амалий санъат" йўналиши совриндорларини аниқлаб бериш учун саҳнага Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Собир Раҳметов ва Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур таклиф қилинди.
"Йилнинг энг яхши ҳайкалтароши" номинацияси соврини Жасванд Анназаровга топширилди.
"Йилнинг энг яхши ҳунарманди" – Жасур Жумаев. "У ҳозиргини Озарбайжонда ўтказилган танловда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб қайтди", – дейди Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Собир Раҳметов.
Ўзбекистон халқ артистлари Абдуҳошим Исмоилов, Абдулаҳад Абдурашидов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураҳмон Ҳолтожиев саҳнада ажойиб мусиқий чиқишни тақдим этишди. Ғижжак, чанг, най, диора жўрлигидаги миллий мусиқанинг ритми залдаги томошабинларнинг кайфиятига жўшқинлик улашмоқда. Залда қарсаклар тинмаяпти.
Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов бошчилигидаги созандалардан сўнг навбат Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхоновага тегди.
"Бадиий ижод, журналистика ва телевидение йўналиши" бўйича ғолибларни ЎзМТРК раисининг ўринбосари ва Ўзбекистон халқ артисти Абдумўмин Ўтбосаров аниқлаб берди.
"Йилнинг энг яхши телерадиобошловчиси" номинацияси ғолиби деб, "Гранд" радиоси бош муҳаррири Иброҳим Аҳмедов топилди.
"Йилнинг энг яхши телерадиожурналисти" номинациясида ғолиблик маросимда бошловчилик қилаётган телебошловчи Жамшид Умрзоқовга насиб этди.
Саҳнага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон таклиф этилганда, залда қарсаклар бир муддат тинмади. Чиндан ҳам мухлислар Севаранинг катта байрам тадбирларидаги чиқишларини, концерт дастурларини соғинишган.
Саҳнага "Ниҳол" мукофоти совриндори Улуғбек Раҳматуллаев ва хонанда Шаҳзода таклиф этилди. Хонандалар "Рашк" номли дуэтини куйламоқда. Шаҳзода зинада тушаётганда, қўшиқнинг у куйлаган қисми бошланди. Микрафонни оғзига оборишга базўр улгурган хонанда Шаҳзода концертда фонограммада куйлаётганини сездириб қўйди. Бунга репетициялар концертга бир кун қолганда ўтказилгани сабабдир, балки.
Навбат "Спорт" йўналишига етиб келди. "Йил спортчиси" – таэквандо бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин.
"Йилнинг спорт мураббийи" – Юнон-Рум кураши бўйича мураббий Жалол Юсупов.
"Спорт маликаси" номинациясида ғолиблик дзюдо бўйича жаҳон чемпиони Диёра Келдиёровага насиб этди.
"Йилнинг паралимпиачиси" – Ҳусниддин Норбеков. У саҳнага чиққанда зални олқишлар овози тутди.
Саҳнага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева таклиф этилди. Хонанда "Парвоз этай" қўшиғининг ремиксини куйлади.
"Ниҳол" мукофоти совриндори хонанда Манзура маросимга алоҳида тайёргарлик кўргани сезилиб турибди. Хонанда "Сени-сени" номли қўшиғини куйлади. Манзуранинг кайфияти ва ташқи кўринишига қараб, тахмин қилсак бу йил "Йилнинг энг яхши аёл хонандаси" номинациясида ғолиблик унга насиб этади чоғи.
Ва ниҳоят бундай тадбирларда хонанда Ботир Қодиров ҳам кўриниш берди. Қодиров "Алдамадим" номли қўшиғини куйлади.
Меҳмон санъаткорлар орасида бу йил "Йилнинг энг яхши эркак хонандаси" номинацияси ғолиби Ботир Қодиров, "Йилнинг энг яхши аёл хонандаси" эса Манзура бўлиши мумкинлиги ҳақида пичир-пичирлар бошланди. Кўрамиз!
"Эътироф-2014"да "Йилнинг яхши аёл хонандаси" номинацияси ғолиби Муниса Ризаева "Ёнар" номли қўшиғи билан томошабинлар қаторида ўтирган эстрадамизнинг "юлдуз"лари юрагига чўғ ташлади.
Хонанда Жаҳонгир Позилжоновнинг бу йилгига нисбатан маросимнинг ўтган йилдагисидаги чиқиши кўпроқ қизиқарли бўлганди. Ёдингизда бўлса у ўтган йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон ва актриса Асал Шодиева билан "Маликам, энди қара" номли қўшиқни дуэт кўринишида куйлаб чиққанди. Қўшиққа саҳналаштирилган чиқиш кўпчилик мухлисларнинг ёдида қолган эди.
Саҳнадаги созандалар Жаҳонгир Позилжоновнинг фонограммадаги қўшиғига чанг, най ва ғижжак чалиб ўтиришлари томошабинларнинг кинояли табассумига сабаб бўлди.
"Эътибор, эҳтиром ва эъзоз" йўналишида ғолибларни аниқлаб бериш учун саҳнага Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саид ва Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева таклиф қилинди.
"Эътибор" номинациясидаги мукофотга эл ардоғидаги санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳамроқулов лойиқ деб топилди. Мукофотни санъаткорнинг фарзанди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойбек Ҳамроқулов қабул қилиб олди.
Саҳнада жорий йилдаги энг хит қўшиқлардан бири – "Рашк қиласанми?" жаранг сочяпти. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файз қўшиққа ўзгартириш киритган кўринади. "Қизғонасанми?" сўзлари "Парвонасанми?"га ўзгарибди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобилованинг ҳам кўриниши чакки эмас. Хонанда "Ҳаёлим" номли қулоққа таниш қўшиғини куйлади. Балки "Йилнинг энг яхши аёл хонандаси" номинациясида ғолиблик Зиёдага насиб этар. Ҳар ҳолда у бу йил шу номга лойиқ ижод қилди. Унинг бу йилдаги деярли барча қўшиқлари мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди.
"Эътироф-2015" мукофоти тақдирлаш маросимида хонанда Бахром Назаров ижросидаги "Пари-пари" қўшиғи жаранг сочишни бошлади. Дарвоқе, хонанда бу қўшиқни хориждан ўғирламаганмиди? "Эътироф" миллий мукофоти тақдирлаш маросимида куйлаш учун ўғирланмаган қўшиқ топилмабди-да...
"Вай-вай, вай". Томошабинлар залда янграётган қўшиққа жўр бўлишяпти. Англаганингиздек саҳнада "Йилнинг энг яхши эркак хонандаси" номинациясига даъвогарлардан бири Жасур Умиров куйлаяпти.
"Санъатдаги хизматлари учун" номинацияси мукофоти совриндорини Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков аниқлаб берди. "Санъатдаги хизматлари учун" мукофотига Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳайдаров лойиқ кўрилди. Мукофотни санъаткорнинг ўғли Хожакбар Ҳайдаров қабул қилиб олди ва отаси ижросидаги "Юр муҳаббат кетдик бу ердан" қўшиғини куйлади.
"Эстрада, анъанавий, опера хонандалиги, мусиқа ижрочилиги ва рақс санъати йўналиши" ғолибларни тақдирлаш учун саҳнага Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари, "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси бош директори Фарход Жўраев, Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқова таклиф этилди.
"Ўзбекнаво"нинг директори Кумуш Раззоқовани "Истиқлол" саройида кўриб турганидан мамнун эканини таъкидлаб ўтди.
"Йилнинг энг яхши бастакори" – Ойдин Абдуллаева
"Йилнинг энг яхши балетмейстери" номинацияси совриндори Чарос Жўрабоевага мукофотни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Кумуш Раззоқова топширди.
"Йилнинг энг яхши рақс ижрочиси" – Дилором Мадраҳимова. Номинация ғолибини Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова аниқлаб берди
"Йилнинг энг яхши опера хонандаси" – Ширин Маматова. У бир вақтлар "Ниҳол" мукофоти совриндори, хонанда Ёдгор Мирзажонов билан "Қайларга борай" номли қўшиқни куйлаб чиққанди. Ширин бугунги кунгача кўплаб халқаро танловларда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келган.
"Йилнинг энг фаол гуруҳи, ансамбли, оркестри" – Ойбек ва Нигора
"Ниҳол" мукофоти совриндорлари Ойбек ва Нигора жорий йилнинг 21 ноябрь куни турмуш қуришган эди. Тугаб бораётган 2015 йил улар учун қувончларга бой бўлди, десак муболаға бўлмайди
Йилнинг энг яхши эркак эстрада хонандаси" – Абдурашид Йўлдошев.
Нафақат томошабинлар ва залдаги санъаткорлар ҳам ҳайратларини яшира олишмади. Манзура ҳам , Зиёда ҳам, Шаҳзода ҳам йўлда қолиб кетди. "Йилнинг энг яхши аёл эстрада хонандаси" деб хонанда Малика Эгамбердиева эълон қилинди. Айни дақиқаларда актриса Асал Шодиева зални тарк этди. Балки у бошқа хонанданинг олишини кутгандир.
Малика Эгамбердиева саҳнага йиғлаб чиқиб келди. Қизиқ!
Залда "Малика бу йил нима қилди? - Вой, концерт берди-ку", - деган шивир-шивирлар бошланди.
Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова шогирдини қутлаб, "Ҳуштак"ни куйлаб берди. Афсуски, у ҳам фонограммада куйлаётганини бир неча бор сездириб қўйди.
Каниза ҳам "Йилнинг энг яхши аёл эстрада хонандаси" номинациясини олишга жиддий умид боғлаган кўринади. Зални бошқалардан аввал тарк этди.
"Эътироф-2015" мукофоти тақдимот маросимига Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков ва Гулсанам Мамазоитованинг "Ватан учун" қўшиғи билан якун ясалди. Саҳнадаги санъаткорлар уларга жўр бўлди.