...
МЕНЮ
ONLINE TV

Юлдуз Усмонова президентликка кимни лойиқ кўришини ошкор этди


20:41, 01.12.2016 Шоу-бизнес
 15 042

Қонунчиликда эса сайловчиларнинг ўзи кимга овоз беришини сайловгача ва сайловдан кейин ҳам ошкор этиши тақиқланмаган. Шу нуқтайи назардан олиб қаралганда, таниқли шахсларнинг кимга овоз беришини баралла айтиши ҳам демократик тамойилларга тўла мос.

4 декабрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бутун дунё сиёсатчиларининг эътиборини тортиб турган айни пайтда фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти юксалгани ва ўтган йилларда Ўзбекистон кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат сифатида шакллангани намоён бўлмоқда.
 
Бу йилги сайловолди ташвиқотлар даврида Ўзбекистон Республикасидаги тўрт сиёсий партия – “Миллий тикланиш” демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Халқ демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси томонидан илгари сурилган номзодларнинг сайловолди кампаниялари аввалгига қараганда қизғин руҳда олиб борилди.
 
Ўзбекистон Президентлигига қўйилган номзодлар – Сарвар Отамуратов, Шавкат Мирзиёев, Ҳотамжон Кетмонов ва Наримон Умаровнинг сайловолди дастурлари билан танишиб, ҳар биримиз сайловда кимга овоз беришни аниқ белгилаб олмоқдамиз.
 
Сайловолди ташвиқотлар ҳақида сўз кетганда, бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли: бу йилги ташвиқотларда партиялар маданият ва санъат, спорт, абадиёт соҳаси вакилларига кўпроқ мурожаат қилдилар, ташвиқот роликларида уларнинг иштироки анча кўпайди. Бу ҳолат, айниқса, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ташвиқот роликларида сезиларли даражада ортди. Кўплаб таниқли кишилар кимга овоз беришларини сайлов кунига қадар ошкора маълум қилдилар.
 
Аввалроқ, ФИФА рефереси Равшан Эрматов, Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов, Ғуломжон Ёқубов, Маҳмуд Номозов, Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Фатҳулла Маъсудов, Абдурашид Йўлдошев, хонандалар Шаҳзода, Муниса Ризаева, Руҳшона ва актёр Йигитали Мамажонов Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришларини маълум қилишгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ҳам бошқа ҳамкасблари қатори сайлов кунларига қадар кимга овоз беришини ошкор этди. Хонанданинг қизи Нилуфар Усмонова ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига онаси иштирокидаги видеони жойлаштирди. Унда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова халқнинг кайфияти аъло даражада эканини, сайловга тайёргарлик ҳам қизғин кетаётганини айтиб, ўз овозини Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевга беришини маълум қилди.
 
Кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам сайловлар яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Светлана Ортиқованинг таъкидлашича, сайлов участкаларининг гарданидаги энг масъулиятли вазифа – бу сайловчининг овоз варақаси дахлсизлигини таъминлаш, уни оммага ошкор этмасликдир. Қонунчиликда эса сайловчиларнинг ўзи кимга овоз беришини сайловгача ва сайловдан кейин ҳам ошкор этиши тақиқланмаган. Шу нуқтайи назардан олиб қаралганда, таниқли шахсларнинг кимга овоз беришини баралла айтиши ҳам демократик тамойилларга тўла мос. Бу ҳолат яқиндагина бўлиб ўтган АҚШ президентлигига сайловларда ҳам кузатилганди.
 
Сайлов шунчаки расмиятчилик эмас, аксинча, халқнинг ҳуқуқий маданиятини намоён этувчи сиёсий жараён. 4 декабрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг конституцион ҳуқуқи. Демак, сиз ҳам ўз ҳуқуқингиздан унумли фойдаланинг, ўзингиз танлаган номзодга овоз беринг. Шубҳасиз, мамлакатнинг эртанги куни, тараққиёт ва истиқбол бугун сиз берган овозга боғлиқ. 21 млн 542 184 нафар сайловчи орасида сиз ҳам борсиз ва сиз берадиган овоз эртанги куннинг ҳали қилувчи қарори бўлиши мумкин.
 

Теглар:Юлдуз Усмонова Президент сайлови 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!