Сергей Лебедев бошчилигида 10 нафар узоқ муддатли ва 60 нафар қисқа муддатли кузатувчи фаолият олиб бормоқда.
Хорижлик мутахассислар Ўзбекистон Президенти сайловининг тайёргарлик ишларидан тортиб сайлов ўтказилгунига қадар халқаро кузатувчи вазифасини бажаради.
Бугун, 1 декабрь куни яна бир нуфузли меҳмон, МДҲ Ижроия кенгаши котиби Сергей Лебедев Тошкентга келди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати хабар берди.
МДҲ халқаро кузатувчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини 17 ноябрдан буён мониторинг қилиб келади. Миссияда МДҲ Ижроия кенгаши котиби Сергей Лебедев бошчилигида 10 нафар узоқ муддатли ва 60 нафар қисқа муддатли кузатувчи фаолият олиб бормоқда.
МДҲнинг узоқ муддатли кузатувчилари Сайлов мониторинги жараёнида Ўзбекистондаги округ ва участка сайлов комиссиялари фаолияти билан танишди, шу кунга қадар улар турли ҳудуддаги 104 та сайлов участкасига ташриф буюрди.
Шунингдек, кузатувчилар муддатидан олдин овоз бериш жараёнида ҳам иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, муддатидан олдин овоз бериш 24 ноябрь куни бошланган ва эртага, 2 декабрь куни ўз ниҳоясига етади.