...
МЕНЮ
ONLINE TV

Юлдуз Орипова: “Отажонимиз Қашқадарёга эмас, Тошкентга дафн этилишларининг ўз сабаби бор”


13:50, 13.11.2016 Жамият
 22 780

Абдулла Ориповнинг қизи Юлдуз Орипова отасининг нима учун ўзи туғилиб ўсган Қашқадарёга эмас, Тошкент шаҳридаги “Чиғатой” қабристонига дафт этилгани борасидаги саволларга жавоб берди.

Ерни ҳам, кўкни ҳам айладим тавоф,
Лекин ҳеч биридан чиқмади жавоб.
Бўғзимда “Нега?”, деб қотди бир хитоб,
Менсиз қолганингда чидайсан, болам.
 
Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи Абдулла Орипов ҳали тириклик чоғида ёзган бу шеър унинг вафотидан кейин ўзбек ҳалқининг кўксини тирнаб, уни ўқиган ҳар бир инсон қалбида оғриқ туришига, кўзларига ёш келишига сабаб бўлди, десак хато бўлмайди. Эндигина тили чиққан болакайнинг “Серқуёш, ҳур ўлкам элга бахт нажот”, дея мадҳияни баралла куйлашида Абдулла аканинг нафаси бордек гўё.
 
Шоир бутун умрини ижод, миллат равнақи, маданият ва маърифат ривожига бағишлади. Унинг юртимиз олдидаги хизматлари 1998 йилда муносиб равишда тақдирланиб, Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлганди.
 
ОАВда яқин-яқингача Абдулла Ориповнинг хасталиги хақида бирор хабар берилмаган. Бироқ шу йилнинг сентябрь ойида шоирнинг бетоб экани, даволаниш учун АҚШга жўнаб кетгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Сентябрь-октябрь ойларида у АҚШда даволанди. Ноябрь ойининг 3 санасида эса кома ҳолатига тушди. 5 ноябрь куни тонгда шоирнинг аҳволи оғирлашгани, бироздан сўнг унинг вафот этгани маълум бўлди.
 
Унинг вафоти муносабати билан шоирни таниган-билган инсонлар у билан тушган суратларини ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига жойлаштириб, шоир шарафига илиқ сўзларни илова қилишди. Бир неча кун давомида қайнаган ижтимоий тармоқ хотиралар, марсиялар, таъзиялар, ҳамдардлик тилаклари билан тўлиб кетди.
 
Шоир 5 ноябрь куни вафот этди ва 6 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Қаҳрамони ва Ўзбекистон халқ шоири, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповнинг вафоти ҳақида баёнот берди. Баёнотда марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонасига консуллик ва бошқа масалаларни зудлик билан ҳал қилиш учун барча зарур чораларни кўриш тўғрисида кўрсатма берилгани айтилган эди.
 
Шоирни дафн этиш маросими эса 8 ноябрь кунига режалаштирилди. Бироқ Абдулла Ориповнинг жасадини 7 ноябрь куни кечки соат 20:00 да АҚШдан Тошкентга олиб келиш, номаълум сабабларга кўра қолдирилди.
 
Ўшанда дафн маросимининг нима сабабдан кечикаётгани билан қизиққан мухлисларимизнинг саволларига жавоб олиш истагида шоир Муҳаммад Исмоил билан боғлангангандик. У йўл олис эканини, Абдулла Ориповнинг жасадини олиб келиш учун шоирнинг аёли, қизи ва ўғли АҚШга жўнаб кетишганини, улар оталарининг жасади билан 10 ноябрь тонгига қадар Тошкентга қайтишлари тахмин қилинаётганини айтганди.
 
Шоир она юртига “қайтди”...
 
10 ноябрь куни, соат 11:00 да Абдулла Ориповнинг Дўрмондаги хонадонида жаноза ўқилди. 13:00 да эса марҳум Тошкентдаги “Чиғатой” қабристонига дафн этилди.

Бугун халқимизнинг севимли шоири вафот этганига бир ҳафта бўлди. Гарчи биз сайтимиз орқали, унинг вафоти билан боғлиқ ҳар бир ҳодиса ҳақида хабар бериб борган бўлсак-да, ОАВда ҳамон янглиш “янгиликлар” бор.
 
Айни кунларда таҳририятимизга халқимизнинг суюкли шоири Абдулла Ориповнинг ўлими, унинг дафн маросими билан боғлиқ қатор саволлар келиб тушмоқда. Улар орасида шоирнинг вафотидан шунча кун ўтиб хабар топганлар, унинг қаерга дафн этилгани ҳақида сўраганлар ҳам бор. Шу билан бирга, сайтимизни кузатиб бораётган кўплаб ўқувчиларимиздан “Абдулла Орипов асли Қашқадарёдан. Унинг Қашқадарёга эмас, Тошкентдаги “Чиғатой” қабристонига дафн этилишининг сабаби нима?” каби саволлар ҳам келиб тушди.
 
Мухлисларни қизиқтирган ушбу саволга жавоб бериш истагида биз  марҳумнинг қизи, журналист Юлдуз Орипова билан боғландик. Суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
 
— Юлдуз опа, аввало “Qalampir.uz” таҳририяти, қолаверса, ўзбек халқи номидан таъзиямизни қабул қилинг. Узр, сизни шундай оғир кунларда безовта қилдик. Сизга отангиз, ўзбек халқининг севимли шоири, Абдулла Ориповнинг дафн маросими билан боғлиқ савол билан мурожаат қилмоқчи эдик. Агар ўзингизда куч топа олсангиз, ушбу саволларимизга жавоб берсангиз...
— Раҳмат! Барча-барчага билдирган таъзиялари, қилган дуолари учун ташаккур. Мен шундай инсоннинг фарзанди эканимдан жуда бахтиёрман. Ҳа, айни вақтда қалбимиздаги оғриқ, бўшлиқнинг чеки йўқ, аммо отам ҳақларидаги барча саволларингизга жавоб бера оламан.
 
— Сайтимиз мухлисларидан келган саволар бор... Кўплаб ўқувчиларимизни Абдулла Ориповнинг Қашқадарёга эмас, Тошкентдаги “Чиғатой” қабристонига дафн этилиши қизиқтирмоқда...
— Отамни даволанишга жўнатар эканмиз,  уларнинг ҳаётдан кўз юмишлари хаёлимизга ҳам келмаганди. Ҳаммаси кутилмаганда содир бўлди...
 
Падари бузрукворимиз вафот этганларидан сўнг, уларни қаерга дафн этиш борасида катталар, амакиларим, оиламиз, биз фарзандлари, қавму-қариндош, жуда кўп ўйладик. Маслаҳатлашган ҳолда уларни Тошкентдаги “Чиғатой” қабристонига, устозлари Ғафур Ғулом, сафдошлари Жуманиёз Жабборов, Эркин Воҳидовларнинг ёнига дафн этишга қарор қилдик.
 
Тўғри, улар бизнинг отамиз, аммо фақатгина ўзимизни ўйлаб, уларни Қашқадарёга дафн эта олмасдик. Отамизни ижод аҳли, халқ жуда хурмат қилади. Зиёратга борувчиларни қийнаб қўймаслик учун ҳам шундай қарорга келдик. Ахир ҳамма ҳам исталган маҳал Қашқадарёга бора олмайди. Олис йўл, топиш ҳам мушкул бўлади. Бундан ташқари, биз оиламиз билан Тошкентда яшаймиз. Отамизнинг ёнимизда, яқинимизда бўлишларини истадик. Отажоним ҳар биримизнинг қалбимизда. Уларни жуда соғинаяпмиз...
 
Ҳовлимизнинг тўрига отамизнинг портретларини жойлаштириб, атрофни гуллар билан ўраб қўйганмиз. Шу вақтгача хонадонимизда ҳеч ким буни расмга туширишга жазм қилмаганди, онажоним менга рухсат бердилар... Илоҳим охиратлари обод бўлсин, қабрлари нурга тўлсин. Уларни жуда яхши кўрамиз. Соғиндик, ота...


 
Юлдуз Орипованинг овозида дард сезилиб турарди. Бироқ, ўзи ҳам журналист бўлгани, отасига бўлган чексиз ҳурмати сабабли, шундай изтиробли кунларда мухлисларнинг саволларини жавобсиз қолдиришни истамагани тахсинга сазовор, деб ўйлаймиз.
 
Шоир Абдулла Орипов вафот этди. Бироқ у ҳар биримизнинг қалбимизда яшайди. У нафақат жамоат арбоби, шоир, балки самимий дўст, устоз, намунали оила бошлиғи, меҳрибон ота ҳам эди...
 
Тез орада Абдулла Ориповнинг қизи Юлдуз Орипова билан эксклюзив интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз. 
Умида Якубова

Теглар:Абдулла Орипов Юлдуз Орипова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар