2017 йилда ёшлар ўртасида жиноятчилик даражаси 2016 йилга нисбатан 9698 тага ёки 14 фоизга камайган бўлсада, республика бўйича 23 мингга яқин ёшлар томонидан жиноятлар содир этилган.
МУРОЖААТИ
Барчамизга яхши маълумки, аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этадиган мамлакатимизда ёшларга жуда катта имкониятлар, шароитлар, имтиёзлар ва қулайликлар яратиб берилмоқда. Бунга жавобан, ёшларимиз ҳозирда фан, таълим, маданият, спорт, ахборот коммуникация технологиялари каби кўплаб соҳаларда юксак натижаларни қўлга киритмоқдалар.
Муҳтарам Президентимиз томонларидан юртимизда 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганлиги ҳам ёшларимизнинг улкан салоҳиятига юксак ишонч эканлигидан далолатдир.
Бу – келажак бунёдкорларининг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни амалий ишларга жалб қилиш ва баланд марралар сари олға интилишга бўлган даъватдир.
Афсуски, баъзи ёшлар ана шундай яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланмай, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолгаётганлиги кенг жамоатчилик вакилларини жиддий ташвишга солмоқда.
Гарчи, 2017 йилда ёшлар ўртасида жиноятчилик даражаси 2016 йилга нисбатан 9698 тага ёки 14 фоизга камайган бўлсада, республика бўйича 23 мингга яқин ёшлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги, шундан 759 нафари ёки 3 фоизи касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари, 273 таси ёки 1,1 фоизи талабалар, 8935 таси ёки 36 фоизи ишламайдиган, жамиятда фаол бўлмаган ёшларни ташкил этаётганлиги ачинарли ҳол ва бу борада олиб бораётган ишларимизнинг натижаси етарли эмаслигини кўрсатади.
Ёшлар ўртасидаги аксарият жиноятлар ҳуқуқий билимнинг етишмаслиги ва бўш вақтини мазмунли ташкил этмаслиги натижасида содир этилмоқда.
Шундай экан, келинглар, азиз ёшлар, бўш вақтимизни ижтимоий фойдали ўтказишга ҳаракат қилайлик, китоб ўқийлик, касб-ҳунар эгаллаш чораларини кўрайлик, жамиятга керакли ва савобли ишлар билан банд бўлайлик.
Шу сабабли, мамлакатимиз ёшларининг таклиф ва тавсияларини инобатга олган ҳолда 2018 йилни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида Ёшлар жиноятчилигига қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ишларини самарали ташкил этишни устувор вазифа сифатида белгилайлик!
Азиз ёшлар! Ҳаммамиз биринчи навбатда, ўзимизнинг тақдиримизга, шунингдек, тенгдошларимиз ҳаётига бефарқ бўлмаслигимиз лозим, зеро лоқайд инсон жамиятнинг душмани ҳисобланади.
Ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишда маҳкам бир мушт бўлиб жипслашайлик. Тенгдошларимизнинг келажаги учун қайғурайлик. Ота-онамиз, жамиятимиз ва Юртбошимиз ишончини оқлайлик!
Ҳурматли ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари!
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар асосан фарзанд тарбиясига бефарқ муносабатда бўлиш натижасида келиб чиқаётганлиги айни ҳақиқатдир.
Фарзанд тарбиясига, энг аввало, ота-она, ундан кейин эса жамоатчилик масъул эканлигини асло унутмайлик.
Болаларимизнинг эртага ким бўлиши, қандай касб-ҳунар эгаллаши бугун биз билан бирга Сиз ота-оналарнинг масъулиятига боғлиқ эканлигини чуқур англайлик!
“Буюк келажагимиз эгаларини бирга асрайлик!” деган сўзларни ўзимизга шиор қилиб олайлик. Фарзандларимизнинг юриш-туришларидан, дарсларга ўз вақтида бориб-келишидан, ҳулқи, одоби ва феъл-атворидаги ўзгаришлардан огоҳ бўлайлик.
Муҳтарам Президентимиз “Ўз уйингни, ўз болангни ўзинг асра” деб айтганларидек фарзанд тарбиясига эътиборни кучайтирайлик, тўғри таълим-тарбия олган бола эл корига ярайди, жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, ўғрилик йўқ мамлакат дунёдаги энг бахтиёр ва фаровон юрт бўлади.