...
МЕНЮ
ONLINE TV

Йўқол—коррупция! Бухородаги мусобақада ёши кичиклаштирилган футболчилар иштирок этишгани аниқланди


17:15, 30.11.2017 Спорт
 3 869

Футбол ривожланишига тўсқинлик қилаётган сабаблардан бири бўлган ёшни кичиклаштириш масаласи, ҳали ҳамон Ўзбекистонда “очиқлигича” қолиб кетаётгани жуда ҳам ачинарли ҳолат.

Кеча, 29 ноябрь куни Бухорода 2000-2001 йилларда таваллуд топган футболчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати якунланди.
 
Мусобақада асосан “Пахтакор”, “Локомотив” ва “Бунёдкор” клубларининг ёш футболчиларидан ташкил топган Тошкент шаҳри терма жамоаси бош совринни қўлга киритди.
 
Тошкентликлар ҳал қилувчи финал баҳсида Сирдарё вилояти терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди.
 
Маълумки, вилоят терма жамоалари иштирокидаги Ўзбекистон чемпионати турнирига ташкилотчилар ҳар доим юқори эътибор билан қарашган.
 
Бироқ ишончли манбамизнинг бераётган хабарига кўра, бу галги мусобақада жуда кўп хатоликлар кузатилган...
 
Футболнинг пойдевори сифатида қараладиган болалар футболида доимо бир муаммо кузатилади.
 
Аниқроғи футболчиларнинг ёшини кичиклаштириш масаласи бутун дунё бўйлаб Ўзбекистонда оммавийлашган десак хато қилмаган бўламиз.
 
Бухородаги мусобақада ҳам бундай қабиҳ ишлар бажарилгани бизни ташвишга солиб, қалам тебратишимизга мажбур этди.
 
Келинг, гапни бир бошидан бошлаймиз, мусобақанинг “В” гуруҳидан ўрин олган Сирдарё вилояти терма жамоаси дастлаб хоразмлик тенгқурларини 5:0 ҳисобида мағлуб этишди.
 
Иккинчи кунги баҳсларда эса Андижон термасига 1:3 ҳисоби билан мағлуб бўлишди ва гуруҳда 2-ўринни эгаллашди.
 
Чорак финалда Самарқанд терма жамоасини пенальтилар сериясида (асосий вақт 1:1) 5:4 ҳисоби билан мағлуб этишди ва ярим финал босқичига йўлланма олишди.
 
Сирдарё вилояти терма жамоаси финал остонасида Тошкент вилояти вакиллари билан куч синашди.
 
Баҳс хусусида Тошкент вилояти терма жамоаси футболчиси А.О шундай деди: “Ўйин давомида сирдарёликлар сафида уч нафар ёши катта футболчи борлигини сезиб қолдик.
 
Мазкур мусобақа 2000 йилда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилаётганди. Бироқ рақиблар таркибларида 1998-1999 йилги футболчилар ўйнашди.
 
Улар 11, 14 ва 17-рақамли либосларда майдонга тушишди ва биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ўз ишларини бажариб (гол уриб), танаффусда алмаштирилишди ва қаергадир йўқолиб қолишди.
 

 
Ўйинни 0:2 ҳисобида бой бердик. Мураббийларимизга ёши катта футболчилар ҳақида айтдик. Улар бу иш юзасидан шуғулланишга ваъда беришди.
 
Ярим финал ўйини 28 ноябрь куни ўтказилганди. Ўша куннинг ярим тунида ҳам ёши кичиклаштирилган футболчиларни фош этиш борасидаги ишлар муҳокама қилинаётганди.
 
Мураббийларнинг айтишларига кўра, биз рақибларда ёши катта футболчилар борлигини исботлай олганмиз.
 
Уларнинг шахсига ҳам аниқлик киритилган. Бироқ эртаси кун финалда барибир сирдарёликлар майдонга тушишди.
 

 
Биз эса четда томошабинга айланиб қолдик. Энг қизиғи ҳал қилувчи баҳсда пойтахтликлар сирдаёрликлар устидан 2:0 ҳисобида ғалабага эришишди.
 
Улар уч нафар ёши катта футболчиларни майдонга тушириб ҳам ғалаба қозона олишмади. Чунки ҳалоллик ҳар жойда ўз исботини топади. Кучлилар ғалаба қозонади.
 
Тақдирлаш маросимида ғолиб ва 3-ўринни эгаллаган Андижон терма жамоасига медаллар ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
 
Вазиятга кўра, биз – Тошкент вилояти ҳамда Сирдарё вилояти терма жамоалари тақдирлаш маросимига чақирилмасдан қолиб кетдик”, - дея сўзларини якунлади А.О.
 
Ҳозирда сирдарёликларнинг мураббийларидан лицензиялари олиб қўйилган ва бу масала бўйича тез кунларда ўтказилиши керак бўлган мажлис бўлиб ўтади.
 
Манбанинг хабарига кўра, шунингдек, турнир давомида ҳакамлик даражаси ҳам оқсаган. Жумладан, Бухоро - Тошкент вилояти (0:2) учрашувида ҳакамлар мезбонларга ёнбосган.
 
Ўйинда “адолат посбонлари” пойтахт вилояти вакилларига нақд 7 марта сариқ ва битта қизил карточка кўрсатишган.
 
Бу маълумотлар ҳозирча расмий мутасаддилар томонидан тасдиқланмади.
 
Аммо юқоридагилар айни ҳақиқат эканлигини ишончли манбамиз тасдиқламоқда. Qalampir.uz нашри юқорида бўлиб ўтган вазият юзасидан юқори ташкилотлар тегишли чоралар кўришларини ҳамда бу масала ҳақида расман маълумот беришларини сўрайди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Бухоро Тошкент вилояти болалар чемпионати 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!