...
МЕНЮ
ONLINE TV

Йўловчи “Тошшаҳартрансхизмат”ни жиддий огоҳлантирди. Натижа бўлармикин?


10:17, 27.02.2017 Жамият
 5 705

Йўловчи бир йўналишда юрадиган бир нечта автобусларнинг “пойга” ўйнашлари, ҳайдовчининг қўл телефонидан кўз узмасликларидан шикоят қилди.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 10 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан  “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Айтиш лозимки, айни қарорнинг негизида йўловчиларга автотранспорт хизматлари кўрсатишнинг ролини кучайтириш, йўловчилар ташиш хавфсизлигини оширишга қаратилган эътибор ётади.

Ёдингизда бўлса, бир неча ой аввал сайтимиз орқали Facebook’нинг “Потребитель.уз”  гуруҳи аъзоларидан бири бўлмиш ҳомиладор аёлнинг 58-автобус ҳайдовчиси устидан шикояти борасидаги мақолани эътиборингизга ҳавола этган эдик. 
Ушбу мақолани чоп этиш баробарида биз автобус ҳайдовчилари орасида йўловчиларни беҳурмат қилиш, уларнинг ҳаётига хавф солувчи ҳаракатларни амалга ошириш каби қатор муаммоларнинг камайишига умид қилгандик. 

Буни қарангки, ўтган ойда айни мавзуда Президент қарори чиққан бўлса-да, автобус ҳайдовчилари орасида “ўз йўлида давом этаётган” шахслар ҳамон учраб турибди.

Кеча, 26 февраль куни Facebook’нинг “Потребитель.уз” гуруҳи аъзоларидан яна бири бўлмиш Мунаввар Озбекова автобус ҳайдовчилари борасида навбатдаги шикоятнинг муаллифи бўлди.

У бир йўналишда юрадиган бир нечта автобусларнинг “пойга” ўйнашлари, ҳайдовчининг қўл телефонидан кўз узмай, автобусни гоҳ тез, гоҳ жуда секин бошқариши, бошқача қилиб айтганда, ўзини ғайриоддий тутгани ҳақида ёзди ва пост орқали “Тошшаҳартрансхизмат”га мурожаат қилди ва қоидабузар ҳайдовчининг ён томондан олинган суратини илова қилди.

Қизиғи шундаки, навбатдаги йўловчининг шикояти ҳам аввлги пост муаллифиники каби айнан 58-автобус ҳайдовчиси ҳақида.

“Ҳурматли “Тошшаҳартрансхизмат” маъмурияти! Эътибор беринг!

2017 йилнинг 26 февраль куни тахминан соат 16:00 да 12-автобуслар саройининг  давлат рақами 01-141 FCA, гараж рақами 608 бўлган “Эксковаторный - Спутник” йўналишида қатновчи 58-автобус ҳайдовчиси ўзини жуда ғайриоддий тутди.

Ҳайдовчи автоуловни бошқариш чоғида смартфон уяли алоқа воситаси орқали 58-автобус йўналиши бўйлаб юрадиган 38-автобус ҳайдовчисини муттасил равишда кузатиб борди. 



Натижада, у Автомобил йўллар институти бекатида рақобатчи автобусни 5 дақиқа кутиб турди. Шу тарзда ҳар бир бекатда у рақиб автобусни узоқ кутиб тура бошлади. 

Маълум вақт ўтгач, ҳаракатни бошлаб худди “тошбақа” каби секин юрди. Бироқ рақиб автобус узоқдан кўрингани ҳамоноқ, бир нимадан қуруқ қолгандек, ичи йўловчилар билан лиқ тўлган автобусни катта тезликда ҳайдади. 

Шу ҳолатда ҳам у смартфондан кўз узмади. Ваҳоланки, автобуснинг ён ойналарида “Ҳайдовчининг уяли алоқа воситасидан фойдаланиши тақиқланади” деб ёзилган огоҳлантириш қоғози ёпиштириб қўйилган. 

Айтингчи, сизнинг маъмуриятингиз бу каби ҳолатларга жиддий чора кўриши учун неча киши жабрланиши керак? 

Жамоат траснспортлари ҳайдовчиларининг шу каби ҳаракатлари неча марта фуқароларнинг саломатлигига зиён етказган? 

Масалан, худди мана шу 58-автобусни олайлик. Ҳайдовчи ҳатто одамлар билан тўлган автобус эшикларини ҳам ёпишни унутиб, 38-автобус ҳайдовчиси билан “ким ўзар”га ўйнашини олайлик....

Шундай ҳолатларнинг бирида орқа эшикдан ёш бир қизнинг ерга боши билан йиқилгани ҳақидаги воқеани ёдингиздан чиқардингизми? Тўғри, ўшанда ҳайдовчини ишдан бўшатдингиз, бироқ бу ниманидир ўзгартирдими? 

Ахир йўллардаги пойга давом этаяпти! Ҳайдовчиларнинг қўлидан смартфон тушмаяпти. Ёки одамларга Қўйлиқ-Тўйтепа йўналишида юрадиган 426-автобус билан боғлиқ воқеани эслатиш вақти келдими? 

Ўтган йилнинг декабрь ойида ушбу автобус ҳайдовчиси одамлар билан тўлган автобусни устунга уриб, автобусни ағдариб юборганди... Мен бу “Шумахер”ни танийман ва унинг бир кун келиб бу каби ўйинлари шундай якун топишини билардим. Ўйин тугади. Ўзи кома ҳолатига тушди, яна қанчадан-қанча одамларни мажруҳ қилди. 

Сизни бу вазиятни назорат остига олишингиз, ҳолат юзасидан текширув ўтказишингиз ҳақида огоҳлантираман!

P.S. Ушбу постни ижтимоий тармоқдаги бошқа гуруҳга ҳам жойлаштириб, 50 фоиз кишиларнинг мени қўллаб-қувватлаганликларига гувоҳ бўлдим. 50 фоиз фойдаланувчиларнинг менга қарши чиққанликлари мени хафа қилди. 

Мени 58-автобус ҳайдовчисининг ёнини олаётган инсонлар – ҳайдовчиларнинг кўплиги,  ушбу ҳайдовчи одамлар ҳаётига хавф солаётганини била туриб ҳам унинг ёнини олаётанликлари ҳайратга солди. 

Йўллардаги тартибсизлик қатор ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг айби туфайли келиб чиқмоқда. Ҳақиқатан ҳам ақлим лол”, деб ёзади муаллиф.   

Таъкидлаш жоизки, ушбу воқеадан ҳайдовчилар, хусусан, автобус ҳайдовчилари тўғри хулоса чиқарса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки бу 58-автобус ҳайдовчиларининг қоидабузарликлари ҳақидаги биринчи мурожаат эмас.

Ўтган галдаги мақоламиздан сўнг, фуқаронинг мурожаати инобатга олиниб, автобус саройи томонидан ҳайдовчига тегишли чоралар кўрилади, деган умидда эдик. Бироқ, ўйлашимизча, ҳеч кимга ҳеч қандай чора кўрилмаган. Акс ҳолда, айнан 58-автобус ҳайдовчилари орасида бундай хатога йўл қўйилмаган бўларди. 

Ҳайдовчилар кун давомида автобусга чиқаётган юзлаб, минглаб одамлар ҳаётига масъул эканликларини унутмасликлари лозим. Ахир шаҳарнинг бошқа чеккассида уларнинг ҳам оила аъзолари, жондан азиз инсонлари жамоат транспортидан фойдаланади. Шундай экан, автоулов бошқарувчиси ҳар бир йўловчи ҳақида “агар бу менинг азиз инсоним бўлганидачи?” деган фикр билан манзилда давом этса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Умида Якубова
 

Теглар:Тошшаҳартрансхизмат Автобус 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар