...
МЕНЮ
ONLINE TV

Йиллик инфляция кутилганидан юқори бўлади. МБ бунга изоҳ берди


16:00, 22.09.2018 Жамият
 5 990

Марказий банк бу йилги инфляция даражаси нега кутилганидек бўлмагани маълум қилди.

Аввалроқ, Марказий банк инфляция даражаси кутилганидан юқори бўлиши маълум бўлиб қолгани сабабли қайта молиялаш ставкасини оширгани ҳақида хабар берган эдик.
 
Марказий банк инфляцион хатарларнинг кучайиши ва таҳлиллар ўзини оқламаганини қуйидаги омиллар билан изоҳлади:
 
Биринчидан, ташқи омиллар таъсирида сўмнинг “реал самарали алмашув курси”нинг ошиб бораётганлиги. Девальвацион босимнинг кучайиши мамлакат иқтисодиётининг ташқи савдо соҳасидаги асосий ҳамкор давлатлар валюталарининг кескин қадрсизланишига жавобан мослашуви билан боғлиқ бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
 
Ҳисоб-китобларга кўра, алмашув курси ўзгаришининг инфляция даражасига кумулятив таъсири кейинги еттита чорак давомида кузатилиб, унинг энг юқори нуқтаси иккинчи ва тўртинчи чораклар оралиғига тўғри келади.
 
Иккинчидан, кредитлаш ҳажмларининг юқори суръатларда ўсиши натижасида иқтисодиётда истеъмол ва инвестицион талабнинг ошиши.
 
Учинчидан, маъмурий тартибга солинадиган нархларнинг кутилган даражага нисбатан юқорироқ оширилиши, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ тарифларининг бозор шароитларига мослаштирилишининг кутилаётганлиги.
 
Тартибга солинадиган нархлар оширилишининг умумий инфляция даражасига таъсири юқори бўлсада, ушбу нархларнинг эркинлаштирилиши иқтисодиётда тўпланиб қолган таркибий номутаносибликларни бартараф этиш учун зарурий чора ҳисобланади.
 
Мазкур жараённи ортга сурилиши пул-кредит сиёсатининг нархлар барқарорлигини таъминлашдаги самарадорлигини пасайтиради ҳамда иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотларни сифатли амалга оширилишига тўсқинлик қилади.
 
Тўртинчидан, бюджет харажатларининг прогноз кўрсаткичларидан юқори бўлиши ва умумлаштирилган давлат бюджетининг мувозанатли ижросини таъминлаш бўйича хатарларнинг ортиши.
 
Шу билан бирга, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қисқа муддатли инфляцион кутилмаларининг пасайиши билан бир қаторда узоқ муддатли кутилмаларнинг барқарорлашуви қайд этилган эди.
 
Бугунги кунда, ташқи иқтисодий ҳолат ва унинг таъсирида ички бозордаги ўзгаришлар натижасида август ойи якуни бўйича қисқа муддатли кутилмаларнинг июль ойига нисбатан ўсиши кузатилди. Шунингдек, узоқ муддатли инфляцион кутилмалар жорий йилнинг II чорагида нисбатан юқори, лекин барқарор бўлган бўлса, июль ойидан бошлаб уларда ҳам ўсиш динамикаси кузатила бошланди.
 
Шунингдек, миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси бўйича кутилмаларнинг август ойида сезиларли ошиши кузатилди. Бунда, февраль ойидан бошлаб кутилмалар босқичма-босқич пасайиб, йил охиригача алмашув курсининг барқарор бўлиши кутилаётган эди. Август ойида эса девальвацион кутилмалар орди. Ушбу ҳолат, келгусида инфляцион кутилмаларнинг қўшимча равишда ошишига олиб келиши мумкин.
 
Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олган ҳолда 2018 йил учун инфляциянинг дастлабки прогноз кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилиб, йиллик инфляция прогнози 16-17 фоизгача оширилган.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Марказий банк инфляция 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар