Ракеталарни уриб тушириш билан боғлиқ вазият учун кўп функцияли жанговор Aegis тизимлари шай ҳолатга келтирилган
Буни парламент мажлиси пайтида Япония Ташқи ишлар вазири Фумио Кисида тасдиқлади.
“Ракеталарни уриб туширишга буйруқ берилди”, – дейди вазир. Маълумотларга кўра, ракеталарни уриб тушириш билан боғлиқ вазият учун кўп функцияли жанговор Aegis тизимлари шай ҳолатга келтирилган. Aegis таъқиб қилиш радари билан жиҳозланган. Буйруқ мазкур ҳафта бошида Япония Мудофаа вазири Ген Накатани томонидан берилган. Бунга Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг яқин кунларда янги ядро ва баллистик ракеталр синови ҳақида маълум қилгани сабаб бўлган.
Япония Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан 05:55да Шимолий Кореянинг ғарбий соҳилларидан баллистик ракета учирилган. У 800 километр масофани босиб ўтиб, Япон денгизига бориб тушган. Шундан кейин иккинчи ракетанинг учирилиши ҳақида маълумот келиб тушган ва 22 дақиқа фарқ билан иккинчи баллистик ракета ишга туширилган. Лекин, иккинчи ракета 17 километр баландликда радарлардан йўқолган. Унинг ҳавода портлаб кетгани тахмин қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Хавфсизлик кенгаши 2 март куни Шимолий Кореяга қарши бир қатор санкциялар пакетини тасдиқлаган эди. Бунга Пхеньяннинг январь ойида ядро синовлари ва февраль ойида эса ракета учиргани сабаб бўлган эди. Лекин, КХДР Ташқи ишлар вазири БМТ резолюциясини рад этиб, ядро синовлари мудофаа мақсадида амалга оширилганини, космосга сунъий йўлдош учиришдан мақсад коинотни тинчлик йўлида тадқиқ қилиш, деб таъкидлаган эди.