Умримиздаги энг муҳим воқеалардан бири бўлган никоҳ маросимида баъзилар ўзига хос рекордлар ўрнатишга қарор қилишади.
“Qalampir.uz” сайти тақдим этаётган янги “Рекордлар” лойиҳасининг илк сони, фаҳмлаганингиздек, тўйлар ҳақидаги рекордларга бағишланади. Демак, бошладик!
Энг узун гулдаста
Тўй учун аталган энг катта гулдастанинг узунлиги 60 метрни ташкил этиб, у 1500 дона гулдан иборат эди. Шундан 500 таси атиргул, 400 донаси чиннигул, 340 таси гипсофил, 200 таси маргаритка, 60 донаси эса лилия гули бўлган.
Бу ноодатий гулдастани 2003 йил 6 сентябрь куни Канаданинг Миссиссога шаҳрида ўтказилган ҳиндистонлик жуфтликларнинг тўйида куёв келинга совға қилган. 92 килограмм бўлган гулдастани келиннинг ўзи кўтаролмаслиги тайин эди. Шунинг учун унга 79 нафар дугонаси ва 47 нафар куёвжўра ёрдам берган. Бу эса иккинчи рекорд ўрнатилишига сабаб бўлган. Ҳойнаҳой, бу келин гулдастани отиш маросимида ҳеч бир дугонаси хафа бўлмаслигини хоҳлагандир.
Энг катта тўй торти
АҚШнинг Коннектикут штатидаги Анкасвилль шаҳрида 2004 йил 8 февраль куни ўтказилган тўйда ҳеч ким менга торт етмай қолди, деб хафа бўлмагани аниқ. Сабаби, оғирлиги 6,8 тонна бўлган бу ширинлик энг катта тўй торти сифатида “Гиннес рекордлари”дан жой олган. У 4540 килограмм бисквит ва 2180 килограмм крем ҳамда глазурдан тайёрланган.
Умумий ҳисобда торт 59 минг кишини тўйдиришга етар эди, лекин тўйда бунча одам бўлмаган, қолган егуликни улар нима қилишгани номаълум. Рекорд ўрнатилгани яхши, бироқ бу учун шунча исрофгарчилик қилиш шартмикан?
Бундан ташқари, шундай катта тортни пишириш ҳам осон бўлмаган. Бош ошпаз Линн Мансель 57 нафар ёрдамчиси билан 1 февралда уни тайёрлашни бошлаган ва бир ҳафтада ишини тамомлаган.
Энг узун келин фатаси
Энг узун келин фатасини 2009 йил Ливанда Чад Аби Янисга турмушга чиққан Сандра Мечлеб кийган. Унинг узунлиги 3358 метрни ташкил қилган.
Бундай ажойиб аксессуарнинг муаллифи – дизайнер Жианни Моралою. Фатани юзлаб одамлар ушлаган. Бу тўйда қатнашганлар сони эса 20 мингдан кам эмас эди.
Бир жуфтликда қайд этилган энг кўп никоҳлар сони
Лорен Любек Блэир ва Дэвид Хью Блэир 101 маротаба бир-бири билан турмуш қурган. Уларнинг илк никоҳи 1984 йилда бошланган бўлса, 2011 йил 11 ноябрь (11.11.11) санасида 101-никоҳини қайд этишди.
Бу никоҳлар ФҲДЁ ходимларини бездириб юборган бўлса, ажаб эмас.
Тўй қилган энг қари жуфтлик
Франсуа Фернандес (1906 йил 17 апрелда туғилган) ва Мадлен Франсинью (1907 йил 15 июлда туғилган)нинг никоҳи 2002 йил 1 февралда қайд этилган. Энг қари никоҳдан ўтувчилар сифатида “Гиннес рекордлари” китобига киритилган бу жуфтликнинг биргаликдаги ёши 191 ёшу 126 кунни ташкил қилган. Келин 94 ёшу 201 кун, куёв эса 96 ёшу 290 кунлик бўлган.
Шунингдек, яна бир қари келин-куёвлар сифатида Роз Поллард (90 ёш) ва Форрест Лунсвей (100 ёш)ни мисол қилиш мумкин. 2001 йилда Форрест Рознинг қўлини сўрайди. Бироқ “100 ёшга кирганингда сенга турмушга чиқаман”, деган жавобни олади. Буни қарангки, уларнинг турмуш қуришини бутун коинот хоҳлаган экан. Йўқса, чол 100 га киради, деб ким кафил бўла олар эди.
Бундай вақтда “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги Меҳри аянинг “Эҳ, тиниб-тинчимаган одамлар-а, нималарни ўйлаб топишмайди”, деган иборасини эсга оламиз. Агарда сиз ҳам антиқа рекордлар ўрнатишни ният қилган бўлсангиз, бунга улгурасиз. Тўйлар мавсуми ҳали олдинда!