...
МЕНЮ
ONLINE TV

#Рекордлар: Америка бўйлаб пиёда, оёқда эмас қўлда, ҳаттоки асфальт қиладиган машинада саёҳат


14:40, 23.06.2017 Бу қизиқ
 2 535

Иссиқ ва шовқинли шаҳардан чарчаганлар имкон топилиши билан дунё кезишга отланади. Саёҳат қила туриб, рекорд ўрнатган шоввозлар ҳам кўплаб топилади.

Жазирама ёз – саёҳатга чиқиш учун энг қулай фасл. Ким ҳам дунё кезишни ёқтирмайди, дейсиз. Ахир ҳеч қачон кўрмаган мамлакатларга бориш, диққатга сазовор жойларни томоша қилиш, ўзгача манзаралардан баҳраманд бўлиш ҳар бир инсоннинг орзусидир.
 
Саёҳат қила туриб, рекорд ўрнатган шоввозлар ҳам кўп экан. Бугун эътиборингизга улардан айримларини ҳавола этамиз.
 
Бутун Америка бўйлаб пиёда саёҳат
 
Буюк британиялик Жорж Миган Америка бўйлаб 30 431 км пиёда юриб, рекорд ўрнатган. Унинг саёҳати Жанубий Американинг жанубий қисмидаги Ушуая шаҳридан бошланиб, Шимолий Алясканинг Прадхо-Бей қўлтиғигача давом этган. 1977 йилнинг 26 январида старт олган саёҳат 1983 йил 18 сентябрда ниҳоясига етди. Жами 2426 кунни ўз ичига олган. У биринчи бўлиб бутун Американи бошдан то охиригача кезиб чиққан сайёҳдир.
 
Қўлда юриб саёҳат қилиш
 
Австриялик Иоганн Гурлингер 1900 йилда Венадан Парижгача бўлган масофани оёқда эмас, қўлларида юриб босиб ўтди. Бунинг учун унга 55 кун керак бўлди. У ўртача соатига 2,54 км тезликда ҳаракат қилди. Бир суткада 10 соат юриб, жами 1400 км масофани босиб ўтди.
 
Велосипеддаги энг узоқ сайр
 
Япониялик Акира Мацусима бир ғилдиракли велосипедда АҚШнинг Ньюпорт шаҳридан Вашингтонгача кезиб ўтган. Бу саёҳат 5 248 км масофани ўз ичига олиб, 1922 йилнинг 10 июлидан 22 августига қадар давом этган.
 
Лора Гегеган ва Марк Тонг эса велосипед-тандемда 32 248 км масофани босиб ўтиб рекорд ўрнатган. Бу саргузаштлар Буюк Британиянинг Лондонидан Австралиянинг Сиднейигача давом этган. 1994 йилнинг 21 майида бошланган саёҳат 1995 йилнинг 11 ноябрида якун топган.
 
Автомобилда энг узоқ давом этган саёҳат
 
1984 йил 16 октябрда швейцариялик Эмиль ва Лилиана Шмидт Toyota Land Cruiser автомобилида 482 800 км масофани босиб ўтди. Улар ҳаммаси бўлиб 125 мамлакатга борган.
 
Асфальт қиладиган машинада давом этган энг узоқ саёҳат
 
Америкалик Роб Брайант асфальт қиладиган машинада 5 278,5 км масофани босиб ўтди. 1990 йилнинг 2 апрелида Лос-Анжелесда бошланган саргузаштлар 30 июль куни Вашингтонда ниҳоясига етди.
 
Ҳали бутун ёз олдинда. Саёҳат қилишни режалаштирган бўлсангиз, улгурасиз. Балки рекорд ўрнатишга ҳам эришарсиз.
Сумбула

Теглар:Рекордлар саёҳат 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!