Бу йил “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК юбилей сана, яъни 25 йилликни нишонламоқда.
Ўтган йиллар мобайнида авиакомпания кўзга кўринарли натижаларга эришди, бир қатор ютуқларга эга бўлди. Бу йил ҳам компания йўловчилар учун бир қатор янгиликларни тайёрлаб қўйган. Бу ҳақда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган матбуот анжумани вақтида маълум қилинди.
Хабарларга кўра, жорий йилнинг апрель ойидан Тошкентдан Покистоннинг Лахор шаҳрига авиақатнов йўлга қўйилади. Хитой ва Ҳиндистонга қўшимча рейслар киритиш масаласи кўриб чиқилмоқда. МАК раҳбари Валерий Тяннинг айтишича, жорий йилда кўплаб чартер рейслар амалга оширилиши белгиланган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида янги “Тошкент-4” халқаро терминали ишга туширилиши мўлжалланган. Бу аэропортда соатига 1500 йўловчига хизмат кўрсатилиши кўзда тутилган.
Аэропорт биноси қанотлари ёйилган Ҳумо қуши шаклида қурилади. Ҳудудга 36 та самолёт сиғиши кутиляпти. Шунингдек, 1700 ўринга мўлжалланган автотураргоҳ ҳам қурилади.
Янги терминални қуриш учун Тошкент шаҳрида 540 та уйда яшовчи 1400 та оилани кўчириш режалаштирилмоқда. Аҳолини кўчириш ишлари билан Тошкент шаҳар ҳокимияти шуғулланади. Оилаларга белгиланган тартибда уй, ер ёки пул маблағи берилади.
Янги терминал қурилиши учун 430 миллион доллар сарфланади. Бу маблағнинг 200 миллион долларга яқин қисмини Жанубий Кореянинг “Эксимбанк” банки кредит сифатида ажратади.
Айтиш керакки, бугунги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК Европа ва Осиё мамлакатлари, Америка ва Япониянинг 40дан ортиқ шаҳрига мунтазам равишда парвозлар амалга оширади. Жаҳоннинг 25 та мамлакатида авиакомпаниянинг ваколатхоналари фаолият кўрсатади.