...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ян Гамачек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатга ташриф буюрди


18:42, 09.02.2017 Жамият
 1 975

Ян Гамачек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ва Содиқ Сафоев билан учрашди.

Аввалроқ, Чехия Республикаси парламенти Депутатлар палатаси раиси Ян Гамачек бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич мангу қўним топган маскан – Хазрати Хизр мажмуасини зиёрат қилгани, Ислом Каримов қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтиргани ҳақида хабар берган эдик.
 
Бугун, 9 февраль куни Чехия Республикаси парламенти Депутатлар палатаси раиси Ян Гамачек бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Ўзбекистон билан Чехия ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик асосида изчил ривожланаётгани, мазкур ташриф парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш, маданий-гуманитар, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
 
Учрашувда Ўзбекистон ва Чехиянинг қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликнинг турли йўналишларига оид масалалар юзасидан фикр алмашилди. Икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
 
“Жадал суръатлар билан тараққий этаётган Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро алоқаларнинг мустаҳкамланиши, ижтимоий-сиёсий йўналишдаги ўзаро мулоқотларнинг мунтазамлик касб этгани бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ривожига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Дўстлик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига асосланган алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан мамнунмиз”, дейди Ян Гамачек.
 
Тадбирда меҳмонларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, қўмиталар, фракциялар ва депутатлик гуруҳларининг фаолияти тўғрисида маълумот берилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ҳам Чехия делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ўзаро ишонч, манфаатдорлик ҳамда очиқ мулоқотга асосланган муносабатлар ривож топаётганини қайд этди.
 
Учрашувда мамлакатлар ўртасида кўплаб соҳаларда, хусусан, иқтисодиёт, тиббиёт, маданият ва таълим, илм-фан, қишлоқ хўжалиги йўналишларида йўлга қўйилган ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.
 
Чехия делегацияси аъзолари турли вазирлик ва идораларда учрашувлар ўтказди, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари бизнес-форумида қатнашди, Темурийлар тарихи давлат музейи билан танишди.

Теглар:Ян Гамачек Нурдинжон Исмоилов Содиқ Сафоев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар