...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳотамжон Кетмонов Тошкент вилоятида учрашув ўтказди


10:53, 03.11.2016 Жамият
 1 804

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан учрашув, ўз дастурини таништирди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов 2 ноябрь куни Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашди.Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси А.Қирғизбоев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили М.Дарханов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
 
Президентликка номзод Ҳотамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
 
Номзод сайловолди дастури партиянинг ғоя ва дастурий мақсадларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг Парламентдаги кўпчилик – демократик кучлар блокига нисбатан ўзини мухолифат, деб эълон қилгани, бунинг натижасида мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларга асосланишини таъкидлади. 

Мамлакатимизнинг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосида ўсиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, аҳолининг барча қатламлари, аввало, кам таъминланган қатлами турмуш даражасини яхшилашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг ролини мустаҳкамлаш, энг кам истеъмол харажатлари стандартларини белгилашнинг асосланган ва замонавий механизмларини ишлаб чиқиш, аҳоли бандлигини таъминлашнинг мутлақо янги ва замонавий усулларини жорий қилиш, аҳолининг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш сайловолди дастурнинг асосий ғояси экани қайд этилди. 

Дастурда мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, иш ўрнига эга бўлиши учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 

Видеоконференция тарзида ўтказилган учрашувда Олмалиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Қ.Қосимова, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши сектор мудири Г.Абдураҳимова, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ангрен шаҳар кенгаши раиси И.Абдуқаюмов ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ва унда белгиланган вазифалар ҳақида фикрларини билдирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни кўппартиявийлик асосида ўтаётгани мамлакатимизда демократик ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётганининг амалдаги ифодаси эканини таъкидлади. Сайловчиларни Ватанимиз келажагини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
 

Теглар:Ҳотамжон Кетмонов Президент сайлови Сайловолди учрашув 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар