Ўзбекистон Республикаси президентлигига 4 декбрь куни сайлов ўтказилади. Президентликка номзодларнинг мамлакат бўйлаб сайловолди учрашувлари ўтказилмоқда.
Ушбу учрашув ҳам видеоконференция шаклида ташкил этилди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Н.Сиддиқов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлаб, қуйидаги фикрларни билдирибю ўтди.
2013 йилда ташкил этилган "Жиззах" махсус иқтисодий зонаси нафақат вилоят, балки бутун мамлакатимиз тараққиётида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сайловолди дастури партиянинг ғоя ва дастурий мақсадларига, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг парламентдаги кўпчилик – Демократик кучлар блокига нисбатан ўзини мухолифат деб эълон қилгани, бу мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларга асосланган.
Бюджет маблағлари, айниқса, ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан қатъий назоратни кучайтириш, давлатнинг ўсиб бораётган иқтисодий имкониятларидан аҳолининг, энг аввало, кам таъминланган қатлами турмуш даражасини яхшилашда фойдаланиш, замонавий техника ва технологияларни кенг жорий этиш асосида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар ва хизматлар сифатини ошириш, экспорт имкониятларини кенгайтирувчи ва аҳолининг харид қобилиятини оширишга хизмат қилувчи рақобат муҳитини шакллантиришга устувор аҳамият берилган.
Учрашувда Жиззах уй-жой ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежи директори Б.Ибодов, Жиззах шаҳар 2-оилавий поликлиникаси бош шифокори Қ.Ҳайдарова, меҳнат фахрийси П.Шукуров, Жиззах шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби директори Ҳ.Неъматова номзоднинг дастури ва унда белгиланган вазифалар хусусида фикр билдирди.