...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳотамжон Кетмонов Шавкат Мирзиёевнинг ғалабасини тан олишини айтиб, унга муваффақият тилади


13:35, 06.12.2016 Жамият
 2 947

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ўзбекистон Респуб¬лика¬си Президент¬и сайловининг дастлабки натижаларига бағишлаб оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказ¬ди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган дастлабки натижаларга кўра, сайловда 669 минг 187 нафар сайловчи ёки овоз берган сайловчиларнинг 3,73 фоизи Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган Ҳотамжон Кетмонов номзодини ёқлаб чиққани ҳақида хабар берган эдик.
 
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ўзбекистон Респуб­лика­си Президент­и сайловининг дастлабки натижаларига бағишлаб оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказ­ди.
 
Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг иштироки бўйича баёнот берди.
 
Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Барчамиз гувоҳи бўлдикки, мазкур сайлов миллий қонунчилигимиз ва халқаро меъёрларга мос тарз­да, шунингдек, юқори даражада уюшқоқлик ва якдиллик билан ўтказилди”, дейди Ҳотамжон Кетмонов.
 
Сайловда умумий сайловчиларнинг 87,73 фоизи иштирок этди.  
 
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловнинг барча босқичларида сиё­сий партияларга берилган ҳуқуқ ва ваколатлар ҳамда яратилган шарт-шароитлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилди.
 
Сайлов кампаниясининг барча босқичларида, жумладан, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, оммавий ахборот ҳамда ташқи реклама воситаларидан фойдаланиш, умуман, барча ташвиқот жараёнларида Ўзбекистон Республикаси Президент­лигига номзодларга тенг имкониятлар яратишга доир тамойилга қатъий риоя қилинди.
 
Маълумот учун, сайлов кампаниясини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида Халқ демократик партиясининг Марказий Кенгаши ҳузурида Марказий сайлов штаби, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳузурида эса ҳудудий штаблар ташкил этилди. Мазкур штаблар зиммасига партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши билан боғлиқ барча ишларини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди. 10 мингдан ортиқ партия фаоллари штаблар таркибига жалб қилинди.
 
Партиядан кўрсатилган номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам бериш, тарғибот ишларини ташкил этиш мақсадида 15 нафар ишончли вакил танлаб олинди.
 
Қонунда белгиланган тартибда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, республика, маҳаллий теле ва радиоканаллар ҳамда нодавлат нотижорат теле ва радиоканалларда партиядан кўрсатилган номзод дастурининг тарғиботига қаратилган 4580 дан ортиқ кўрсатув ва роликлар, учрашувлардан репортажлар, ток-шоу ва дебатлар эфирга узатилди. Босма оммавий ахборот воситаларида 375 дан ортиқ тарғибот материаллари чоп этилди, 600 дан ортиқ материаллар интернет сайтларига жойлаштирилди.
 
Партия ўз сайловолди ташвиқотини турли усул ва воситалар орқали амалга оширишга ҳаракат қилди. Жумладан, тарғибот ишлари оммавий ахборот воситаларида, Интернет тармоғида дебатлар, мунозаралар, матбуот анжуманлари, интервью, чиқишлар, ташвиқот роликлари ҳамда реклама материалларини жойлаштириш ва бошқа шаклларда амалга оширилди.
 
Шулар орқали партия дас­турий мақсадларини аҳолининг кенг қатламларига етказишга эришилди. Бир сўз билан айтганда, ушбу сиёсий жараёнда Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайлов қонунчилигига мувофиқ амалга оширган саъй-ҳаракатлари, муҳим ижтимоий ғоялари билан фуқаролар ишончини қозонди.
 
Сайловчилар билан учрашувлар видеоконференц­алоқа шаклида ўтказилганлиги барча ҳудудлардаги сайловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш имконини берди.
 
Номзод томонидан сайлов­олди ташвиқоти жараёнида 14 та сайлов округида 45 мингга яқин сайловчи билан учрашувлар ўтказилди. Бундан ташқари, номзоднинг ишончли вакиллари жойларда сайловчилар билан 200 га яқин учрашув ўтказди, мазкур тадбирларда 39 минг нафардан ортиқ сайловчи иштирок этди.
 
Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сайловни, жумладан, сайловда овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнларини партиядан тайинланган 9300 дан ортиқ кузатувчи назорат қилиб борди.
 
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган сайлов натижаларини тан олади.
 
“Албатта, биз сайлов натижаларини халқимизнинг хоҳиш-иродаси, деб қабул қиламиз ва унга ҳурмат билан қараймиз. Шу билан бирга, ўз ғояларимиз асосида танлаган йўлимиз – кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, бу борадаги вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ қилиш позициямизда қоламиз.
 
Сайловда ғолиб бўлган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мирзиёев Шавкат Миромоновични табриклаймиз ҳамда у кишига юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги йўлидаги фаолиятида муваффақият тилаймиз”, дейди Ҳотамжон Кетмонов.
 
Партия раҳбари сайловда партия ғояларини қўллаб-қувватлаб овоз берган барча сайловчиларга, тарафдорларга миннатдорчилик билдирди.
 
Шунингдек, брифингда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз ғояларига содиқлиги, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари сафарбар қилиниши эътироф этилди.
 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Ҳотамжон Кетмонов Халқ демократик партияси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар