...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳомиладорликда соч қирқиш, қош териш, ванна қабул қилиш мумкин эмасми?


14:25, 20.04.2017 Саломатлик
 6 758

Бекорчиликда ўтириб, тўқилган “чўпчак”лар ҳам йўқ эмас. Уларнинг қай бирига ишонишни ҳам билмайди, киши.

Аёл киши ҳомиладор бўлди, дегунча қўни-қўшнию амма-холалар унга турли ирим-сиримлар, ўзлари билган-билмаган “доно” маслаҳатларни илинишади. Тўғри, улар орасида фойдалилари кўп. Аммо баъзан бекорчиликда ўтириб, тўқилган “чўпчак”лар ҳам йўқ эмас. Уларнинг қай бирига ишонишни ҳам билмайди, киши. Келинг, яхшиси, малакали шифокор Республика ихтисослаштирилган Акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори Шаҳло Икрамовадан маслаҳат оламиз.
 
Ҳомиладорликда соч қирқиш, бўяш ва уни кимёвий усулда жингалак қилиш мумкин эмас
 
Асоссиз фикр! Бу ирим қадимда, одамлар соч ҳаётий кучни ифодалайди, деб ишонишган замонларда пайдо бўлган. Соч қирқилса, умр қисқаради, деган афсона ўша замонлардан мерос. Аслида эса улар асоссиздир. Ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган соч бўёқлари она ва бола саломатлиги учун хавфсиз бўлиб, улар ҳеч бир зиён етказмайди. Фақат аллергиядан эҳтиёт бўлсангиз, бас. Сочингизни бўяш ёки қирқишга хоҳишингиз бўлмаган тақдирда ҳам, уни чиройли турмаклаб юришингиз мумкин. Масалан, соч дазмоли билан силлиқлаш ёки термобигуди ёрдамида жингалак қилиш классик услубга хос бўлгани учун ҳеч қачон урфдан қолмайди.
 
Қош териш ва татуаж туғилажак бола учун зарарли
 
Нотўғри! Ҳомиладорлик ўзига эътибор бериш масъулиятидан соқит бўлиш, дегани эмас. Бу пайтда аёл киши ҳар доимгидан ҳам кўпроқ ўзини парваришлаши зарур. Қош териш, уни бўяш, ўзингизга оро беришнинг нимаси ёмон ахир? Аксинча, бу руҳиятга ижобий таъсир этиб, сиз ва болангизнинг саломатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади-ку! Татуаж ҳам тақиқланмаган. Фақат унинг учун ишлатиладиган асбоблардан юқтириб олиш мумкин бўлган инфекциялар хавфли. Ҳар қандай гўзаллик салонига ҳам ишониб бўлмайди-да...
 
Ҳомиладор аёл икки киши учун овқатланиши шарт
 
Маълум маънода бу фикр асосли, дейиш мумкин. Фақат икки киши учун овқатланишим керак экан, деб меъёридан ортиқ таомланиш нотўғри. Қувват берувчи, витамин ва минерал моддаларга бой егуликларни истеъмол қилиш тавсия этилади, холос. Туғруқ муддати яқинлаша боргани сайин овқатланиш рационидаги унли маҳсулотларни аста-секин камайтириш лозим. Ҳомиладорлик даврида доимий вазнга 10 кг.дан ортиқ оғирлик қўшилмаслиги керак. Бу хавфли!
 
Ҳомиладорликда ванна қабул қилиш, сув ҳавзаларида чўмилиш мутлақо тақиқланади
 
Чўпчак! Бугун ҳомиладор аёллар учун сув ҳавзаларида махсус терапиялар мавжуд. Фасллар алмашинувига қараб, ўзингиз учун қулай сув муолажаларини белгилашингиз мумкин. Ванна қабул қилаётганда эса сув илиқ ва ёқимли бўлишига эътибор берсангиз, бас. Уй шароитида илиқ сувли, доривор ўсимликлардан тайёрланган тинчлантирувчи ванналар қабул қилиш мумкин. Аммо қайноқ сувли ванналар, сауна ва иссиқ ҳаммомлар мумкин эмас.
 
“Нозик палла”нинг нозик масалалари — депиляция, фотоэпиляция мумкин эмас. Тўғри. Барчага аёнки, ораста аёл ҳар қандай ҳолатда ҳам озодаликка риоя қилади. Агар уйда бу юмушни уддалашга қийналсангиз, сизга ёрдам берувчи салонлар бисёр. Салонга боришни истамасангиз, махсус крем(депилятор)лардан фойдаланишингиз мумкин. Шуни ёдда тутингки, гўзаллик салонларидаги лазерли ва фотоэпиляциялар ҳомиладорликда тақиқланади.
 
Косметикадан фойдаланиш туғилажак болага зарар етказади
 
Янглиш фикр! Баъзан ҳомиладорлик пайти аёл юзида доғ ва тошмалар пайдо бўлиши мумкин. Марҳамат, махсус косметик воситалардан фойдаланинг. Фақат ўзингизга мосини танласангиз, кифоя. Аслида, шу доғлар пайдо бўлишининг олдини олишга ҳаракат қилган маъқул. Масалан, болалар учун мўлжалланган совун, шампунь, терини юмшатувчи ва ёқимли ифор таратувчи воситаларни ишлатинг. Йилнинг иссиқ фаслида шифокорлар қуёшдан ҳимояловчи кремлардан фойдаланишни тавсия қилишади. Ягона шарт шуки, маҳсулот сифатли бўлиши ва аллергик таъсир кўрсатмаслиги даркор.
 
Уқалаш муолажалари хавфли
 
Нотўғри. Бўйин ва елка соҳаси, қўл-оёқларни енгил уқалаш нафақат мумкин, балки фойдали ҳамдир. Бунда ҳомиладор аёл ва туғилажак бола тинчланиб, ўзини яхши ҳис этади. Аммо целлюлитга қарши ва бошқа кучли уқалаш муолажаларини амалга ошириш қатъиян тақиқланади.
 
Чиройлисиз, ортиқча гўзалликка не ҳожат?
 
Қизиқ, гўзаллик ҳам ортиқча бўлар эканми? Ахир, у қанча мукаммал бўлса, шунча яхши-ку! Узун киприклар ва сочлар доим гўзаллик белгиси бўлиб келган. Агар киприкларингиз калта бўлса, марҳамат, сунъий равишда узайтиринг. Бунинг ҳомилага ножўя таъсири кузатилмаган. Агар киприк ва сочни ёпиштиришда ишлатиладиган елимга аллергиянгиз бўлмаса, ҳеч қўрқманг. Ҳа-я, ҳар уч ҳафтада уларни коррекция қилиб туришингиз ҳам керак! Сизга бахтиёр оналик насиб этишини тилаб қоламиз! 
Мадина Муҳаммадиева

Теглар:Ҳомиладорлик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

el
15:46 20.04.2017

juda ham keraksiz va nari-beri yozilgan maqola bolipti, bu bilan nimaga targ'ib qilyotganingizni o'zingiz tushundingizmi?!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!