...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳомиладорликда қон босими: ошиши ёки тушиши қандай оқибатларга олиб келади?


16:21, 04.10.2017 Саломатлик
 18 583

Бу даврда қон босими 100/60 дан кам, 140/90 да юқори бўлмаслиги лозим. Мабодо бу ҳолат рўй берса, дарҳол даволовчи шифокорингизга мурожаат қилинг!

Ҳомиладорлик пайтида қон босимини мунтазам — тўққиз ой давомида ўлчаб бориш мақсадга мувофиқ.
 
Тонометр ойначасидаги рақамлар кўп томонлама она ва унинг ҳомиласи ҳақидаги маълумотларни ўзида акс эттиради.
 
Ҳомиладорликнинг биринчи ойида тананинг гормонал функциясидаги ўзгаришлар туфайли артерия қон босими пасайиб (АҚБ, яъни АД), гипотонияни юзага келишига сабаб бўлади.
 
Шунинг таъсирида “юкли аёл” ўзида қувватсизлик, ўйқусираш, бош айланиши, қулоқлари остида шовқин, юрганида нафас етмаслиги каби ҳолатларни бошидан кечиради.
 
Шифокорлар туғиш ёшидаги аёлларнинг тўсатдан, бесабаб хушини йўқотиши сабабларини ахтараётиб, айнан унинг ҳомиладор бўлганини аниқлайдилар. Шу туфайли бўлса керак, бу ҳомиладорликнинг табиий ҳолати сифатида қабул қилиниб, ортиқча ваҳима ва ташвишга изн берилмайди.
 
Бироқ аёлнинг танасида янги организм пайдо бўлиш ҳеч бир ўзгаришларсиз, яъни ҳам руҳий, ҳам жисмоний ўзгаришларсиз содир бўлиши мумкин эмас.
 
Аччиқ ва шўр егуликларга ўчлик, ўткир ҳидга таъсирчанлик оқибатида қайт қилиш — эрта токсикознинг аломатларидан ўзга нарса эмас.
 
Энг ёмони — аёл бу жараёнларни бошидан ўтказаётган бир вақтда қон босими янада пасайиб кетиши мумкин. Бу она учун бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқарса, ҳомила учун эса ўта хавфли!
 
Ҳомиладорлик вақтида қон босимининг тушиб кетиши ҳомиланинг қон айланиш тизимида айрим нуқсонларни (планцентар етишмовчилик) келтириб чиқаради, натижада ҳомила учун зарур бўлган озиқ модда ва кислород танқислиги бошланади.
 
Табиийки, бундан ҳомила “оч қолади” ва “буғилади”...
 
Айнан мана шунинг учун ҳомилаликнинг илк ойиданоқ қон босимини ўлчаб туриш катта аҳамиятга эга.
 
Қон босими 100/60 дан кам, 140/90 да юқори бўлмаслиги лозим (баъзи бир кишилардаги индивидуал хусусиятлар инобатга олинсин). Мабодо бу ҳолат рўй берса, дарҳол даволовчи шифокорингизга мурожаат қилинг!
 
Ҳомиладорликда қон босимининг кўтарилиши
 
Ҳомиладорликнинг яккинчи яримида қон босимининг бирмунча ортишига нисбатан бироз мойиллик пайдо бўлади. Бу ўзгаришларнинг сабаби — физиологик ҳолат билан боғлиқ.
 
Оддий қилиб айтадиган бўлсак, бўлажак онанинг танасида яна бир қон айланиш тизими пайдо бўлди. Бунинг нанижасида ҳомилаликнинг 19–20­ҳафтасида умумий қон сиғими ярим литрга, 32–36­ҳафтада нақ бир литрга ортади.
 
Натижада юракнинг иш фаолиятида бироз зўриқиш пайдо бўлади, у артерияга қуваётган қон ҳажми 40–50 фоизга ортиб, юрак бўлмачалари ва қоринчаларининг қисқаришлари сони бирмунчага кўпаяди.
 
Тинч ҳолатда томир уриши 80–90 мартагача ошади, меъёр эса 70–75 марталиги ҳаммамизга аён. Ҳомиладор аёл ҳаяжонланганда, фаол ҳаракатда бўлганида бу кўрсатгич осонликча 100 мартагача кўтарилиши мумкин.
 
Бироқ бундан сира ташвиш тортманг, худди тонометрнинг рақамлари орасида 5–15 мм босимнинг оралиқ ўзгариши хавфли бўлмаганидек, томир уришининг 100 мартага чиқиши ҳам нормал физиологик ҳолат ҳисобланади.
 
Агар орадаги фарқ (меъёр оралиғидан) катта бўлса, ташвишланишга важ бор, қисқаси, бу — шошилинч чора кўриш лозим, дегани...
 
Масалан, ҳомиладорликнинг иккинчи яримида тана қон таркибидаги суюқлик тўқималар орасида “тўпланади” ва бу, ўз навбатида, баданда, оёқларда “шишлар” пайдо бўлишига олиб келади.
 
Қон томирларида босим қанча юқори бўлса, суюқлик шунчалик “ташқарига” чиқишга ҳаракат қилади. У шу йўл билан босимни меъёрлаштиришга ҳаракат қилади, бироқ барибир тўқималар орасида тўқималараро суюқлик тўпланиб, шишлар ҳадеганда йўқолавермайди.
 
Буни меъёрлаштириш — худди ғалвирда сув ташишга баробар!
 
Бу охир оқибат ҳомиладор аёлнинг соғлиги учун катта хафв туғдиради ва зудлик билан тегишли муолажа ишлари амалга оширилиши лозим бўлади.
 
Азиз ўқувчи, “Саломатлик” туркуми орқали эътиборингизга ҳавола этилаётган маълумотларнинг навбатдагисида — ҳомиладорлик даврида қон босимининг ортиши ёки тушишини меъёрлаштириш усулларига доир тавсиялар берилади.
 
Бизни кузатишда давом этинг! 
Улуғ БЕК

Теглар:Ҳомиладорлик даври Қон босими Тавсиялар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!