Бангкок шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпионати якунига етди. Унда ўзбекистонлик 7 нафар боксчи ўз вазни тоифасида медалларга эга чиқди.
Ушбу мусобақада -52кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Самандар Холмуродов финалда мезбон боксчини мағлубиятга учратиб, олтин медаль соҳибига айланди. Абдумалик Халоков (-56кг), Тимур Мержанов (-81кг), Жавоҳир Тоғаймуродов (-91кг) ва Жамшидбек Маҳмадалиев (+91кг) лар эса кумуш медални қўлга киритдилар. Жаҳонгир Раҳмонов (-69кг) ва Наво Тамазов (-75кг) лар мусобақанинг бронза медали билан ортга қайтадиган бўлишди.
Қизлар ўртасидаги беллашувларда Маҳлиё Раҳимова (-60кг) ярим финалгача етиб бориб, бронза медали эгасига айланган. Шу тариқа, вакилларимиз Осиё чемпионатида 1 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медалларига сазовор бўлдилар.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Франциядаги халқаро мусобақада ўзбекистонлик 8 боксчининг барчаси ўз вазни тоифасида медаллар (6 олтин, 1 кумуш ва 1 бронза) га эга бўлганди.
Лекин ушбу боксчилардан атиги биргина наманганлик Шукуржон Раҳимов ўзи туғилиб ўсган жойдан рағбатлантирилди. Аниқроғи, Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров боксчини табриклаб, унга телевизор ва махсус диплом топширди.
Қолган 7 боксчи эса ҳоким ёки маҳалла раисидан бироз бўлса ҳам эътироф кутмоқда. Албатта, боксчи йигитлар улардан машина ёки катта миқдорда пул сўраётганлари йўқ.
Биласизми, ушбу вазият бўйича бугун “Раҳмонбек Усмоновдан тортиб, барча ҳокимлар ва маҳалла раисларига очиқ хат: Олдингиздан оққан сувнинг қадри йўқми?” таҳлилий мақоласини эълон қилган эдик.