Ҳиндистоннинг Travelxp телеканали вакиллари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳрида бўлишди.
Телеканал ижодкорлари томонидан Ўзбекистон туристик салоҳиятига бағишланган учта махсус фильм тайёрланди. Биринчи фильм 22 апрель куни эфирга узатилди. “City Breaks – Tashkent” деб номланган 27 дақиқали лавҳа Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари ҳақида ҳикоя қилади.
Иккинчи фильм 29 апрель куни эфирга чиқди. Унда қадим ва навқирон Самарқанднинг тарихий ва меъморий ёдгорликлари, муқаддас қадамжолари телетомошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Бухоро шаҳрининг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган учинчи фильм 6 май куни намойиш этилди.
Кўрсатув муаллифи Сантош Сингхнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳақидаги мазкур фильмлар Travelxp томонидан шу кунга қадар сайёҳлик мавзуида ишланган энг қизиқарли лойиҳаларидан бири бўлган.
Маълумот учун, телеканал 2011 йилда Ҳиндистонда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади турли мамлакатларнинг сайёҳлик салоҳияти ва имкониятларини тарғиб этиш ҳисобланади.
Хозирда телеканални дунёнинг 25 мамлакатида 50 миллиондан ортиқ хонадон томоша қилади. Travelxp кўрсатувлари ўндан кўпроқ тилларда эфирга узатилади.