...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ҳасан Нормуродов: “Халқимиз Ислом Каримовнинг хизматларини унутмайди”


16:00, 18.01.2017 Жамият
 4 259

Бу буюк Инсон кўрсатган жасорат, у кишининг ватанпарварлик ва халқсеварлик хислатлари авлодлардан авлодларга ўтиб, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилаверади.

Ҳаёт – беминнат мураббий, деган гап бор. Бугун қарийб саксон ёшни қоралаб, бу ҳақиқатни ўз умрим, турмуш тарзим мисолида яққол ҳис қилиб турибман.
 
Ўтган йиллар давомида ҳаётнинг кўп синовларини бошдан кечирдим. Уруш ва ундан кейинги оғир йиллар ҳали бола қалбимда тинчлик энг олий неъмат эканини англашга ўргатди. Мустабид тузум давридаги зулм ва зўравонликлар эрк ва озодликнинг қадрини билдирди. Замини олтинга тенг юртда яшасанг-да, нонга зор бўлсанг, ўзинг пахта етиштирсангу устинг юпун бўлса – додингни кимга айтасану ким эшитади. Шунда озодлик, мустақиллик деган муқаддас тушунчаларнинг аҳамиятини янада теран англайсан экан. 

Ёшлик йилларим, айни куч-қувватга тўлган пайтимда давлат идораларида, жамоат ташкилотларида меҳнат қилдим. Бор билим ва маҳоратимни ишга солиб, зиммамга юклатилган вазифаларни бекаму кўст бажаришга интилдим. Аммо фақат юртимиз мустақилликка эришиб, инсон манфаати биринчи ўринга қўйилгач, қадр-қиммат нималигини билдим.

Мамлакатимизда яшаётган барча нуронийлар, кекса авлод вакиллари бу ҳаёт ҳақиқатларини юртимиз мустақиллиги, халқимиз бахту саодати учун бутун борлиғини бағишлаган, ҳузур-ҳаловатдан кечган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов боис, у кишининг жонкуярлиги, жўшқин фаолияти туфайли англадик. 

Самарқандда туғилиб ўсган бу улуғ инсонни республика идораларида турли лавозимларда ишлаган даврида ҳам билган бўлсам-да, Қашқадарёга биринчи раҳбар бўлиб бориб, ўша вақтда адолатсизлик ва ҳақсизликдан қадди букилган вилоят аҳлига чинакам суянч бўлганини эшитгач, яқиндан таниганман. Ўтган асрнинг ниҳоятда оғир ва талотўп даврида – 80-йиллар охирида, юртимизда вазият ғоят қалтис бўлиб турган пайтда Ислом Каримов республика етакчиси бўлди, вазмин сиёсат юритди, халқимиз ишончини қозониб, уни ўз ортидан эргаштира олди. 

Ана шундай жасорати, қатъияти туфайли Ислом Каримов раҳбарлик фаолиятининг дастлабки даврларидан давлатимиз мустақиллиги учун курашди. Собиқ иттифоқ республикалари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Президентлик бошқарувини жорий этди. “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деб номланган адолатсиз кампаниялар қарорларини бекор қилиш, хўрланган халқни ёруғлик сари олиб чиқишга киришди.
 
Биринчи Президентимизнинг давлатимиз, халқимиз учун амалга оширган буюк хизматлари ўзлигимизни англаш, инсоний қадримиз, урф-одат ва қадриятларимиз, муқаддас ислом динимиз, миллий-маънавий меросимизни тиклаш, буюк алломаларимиз номини абадийлаштириш, юртимиздаги муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод этишда ўз ифодасини топди.
 
Бу ишга мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ киришилди. Ҳар йили мамлакатимизнинг турли ҳудудларида буюк алломаларимиз ва тарихий шаҳарларимиз юбилей санаси муносабати билан кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида Имом Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Аҳмад Фарғоний, Баҳовуддин Нақшбанд сингари улуғларимиз номи билан боғлиқ масканлар обод этилди. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Хива, Қўқон, Қарши, Марғилон шаҳарларининг тарихий саналари арафасида бу қадимий кентлар бутунлай янгича қиёфа касб этди.
 
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Самарқанд, Шаҳрисабз, Тошкент шаҳарларида катта ҳажмдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бу тарихий шаҳарларда Соҳибқироннинг улуғвор ҳайкаллари ўрнатилди. Самарқанддаги Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуаси ва темурийлар даврига оид бошқа тарихий-маданий объектлар, Шаҳрисабздаги Оқсарой маданий ёдгорлиги ва улар атрофи обод этилди. 

Ислом Каримовнинг ўзи туғилиб ўсган Самарқандга фарзандлик меҳри, садоқати ўзгача эди. У киши ҳар доим Самарқанд ҳақида гапирганда унинг буюк тарихи, олижаноб, бунёдкор халқига бўлган чексиз муҳаббати, ҳурматини ифода этарди. Ҳар гал Самарқандга келганида, аввало, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилар, ушбу масканларни обод этиш бўйича ўз тавсияларини билдирарди. Шаҳар аҳли, зиёлилар билан суҳбатлашарди, уларнинг фикрларини эшитарди. Шундай учрашувларнинг бирида, аниқроғи, Амир Темур ҳайкалининг очилиш маросимида айтган қуйидаги гаплари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб туради:
 
“Самарқанд тупроғининг ҳар бир заррасида улуғ бир ҳикмат бор, ҳар бир кўчаси, майдон ва хиёбонида салобат, файзу тароват бор. Самарқанднинг мовий гумбазлари, осмонўпар миноралари, улардаги бетакрор ранглар, олам-олам мазмунга эга нақшу нигорлар бизни ерга қараб эмас, бошимизни баланд кўтариб қадр-қимматимизни билиб яшашга ундайди”. 

Инсониятнинг бетакрор мўъжизаси деб эътироф этиладиган дунёга машҳур Регистон майдони атрофида собиқ тузум мафкураси боис бунёд этилган турли бино ва иншоотлар бошқа жойга кўчирилиб, кўркам хиёбон ташкил этилди. Ушбу тарихий мажмуа бор салобати ва маҳобати билан жаҳон аҳлини янада ҳайратга солиб келмоқда. 1997 йилдан буён бу майдон Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг асосий саҳнаси вазифасини ҳам ўтамоқда.
 
Тарихий Тошкент кўчасининг бугунги кўрку жамоли ҳам киши кўзини қувнатади. Регистон мажмуасидан чиқиб, ушбу кўча бўйлаб юрар экансиз, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари билан танишасиз, Бибихоним масжиди ва Сиёб деҳқон бозорига чиқасиз. Айни пайтда бу ҳудуд Самарқанднинг асосий сайёҳлик йўналишларидан бирига айланган.
 
Собиқ тузум даврида Амир Темур ва унинг авлодлари, устозлари дафн этилган мақбара ҳам ғоят аянчли аҳволга тушиб қолган эди. Зиёратгоҳ ҳовлисигача уй-жой, турли бинолар қурилган, ишлаб чиқариш корхоналари фаолият кўрсатарди. Соҳибқирон бобомиз таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан бу ерда мисли кўрилмаган қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Регистон кўчасидан Амир Темур мақбарасигача бўлган ҳудудда кўркам хиёбон бунёд этилди. Айни пайтда ушбу хиёбон, Амир Темур ҳайкали ўрнатилган маскан ва унга туташ Театр майдони, бу ердаги турли фавворалар яхлит меъморий композиция ҳосил қилган. 

Биринчи Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейи, Регистон, Даҳбед, Бўстонсарой кўчалари, Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи, Университет хиёбони ва яна бошқа ўнлаб обидаларда кенг кўламли реконструкция, таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
 
Бу бунёдкорлик ишлари самарасида Самарқанд йирик халқаро анжуманлар, сиёсий мулоқотлар, маданий тадбирлар ўтказиладиган марказга айланди. Бугун бу шаҳардаги тарихий обида ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун юртимизнинг турли ҳудудларидан, хорижий мамлакатлардан минглаб сайёҳлар келмоқда. Бу масканлар ҳамиша меҳмонлар билан гавжум...

Мана, беш ойдирки, Ҳазрати Хизр мажмуасидан юртдошларимиз, чет эллик меҳмонларнинг қадами узилмайди. Улар мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва жамоат арбоби, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мангу ором топган масканни зиёрат қилиб, улуғ Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун келади.
 
Йиллар, асрлар ўтади. Халқимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимиз озодлиги ва ободлиги йўлидаги хизматларини унутмайди. Бу буюк Инсон кўрсатган жасорат, у кишининг ватанпарварлик ва халқсеварлик хислатлари авлодлардан авлодларга ўтиб, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилаверади.
Ҳасан Нормуродов,
“Нуроний” жамғараси
Самарқанд вилояти бўлими раиси

Теглар:Ислом Каримов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар