Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мираброр Усмоновни “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 4 июль санасидан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини эълон қилди. Бу ўтган ҳафтадаги курсга нисбатан 27 сўм 99 тийинга кўп бўлиб, 3986 сўм 55 тийинни ташкил қилади.
2. 4 июль куни Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов 70 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев уни “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.
3. 5 июль куни Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Александр Гейнрих оиласида оғир жудолик рўй берди. Футболчининг онаси вафот этди.
4. 4 июль куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг “Тошкент-Томчи-Тошкент” йўналиши бўйлаб биринчи мавсумий чартер рейси амалга оширилди. Унда Ўзбекистон делегацияси Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл вилоятига ташриф буюрди.
5. Ҳар ҳафта АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати ўзгаришига қараб, GM Uzbekistan автомобиллари учун белгиланган нархлар ҳам янгиланаверади. Демак, бу ҳафта автомобилларнинг нархлари ошди. Автомобилларнинг янги ва эски нархларини мазкур ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5109-сонли фармонига мувофиқ, Музаффар Холдорбоевич Солиев Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизматлар вазири этиб тайинланди.
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 июль куни “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
8. Ҳар ойнинг аввалида футбол бўйича миллий терма жамоаларнинг янги рейтинги эълон қилинади. 6 июль куни ФИФА миллий терма жамоаларнинг янги рейтингини омма эътиборига ҳавола этди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзининг аввалги (62) ўрнидан уч поғона пастлаб, 65-ўринга тушиб кетди.
9. “Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга ўзгартиришлар киритилди. Хабар берилишича, бундан буён биржадан ташқари валюта бозоридаги операциялар ваколатли банклар томонидан тўғридан-тўғри шартномалар асосида бозор курси бўйича амалга оширилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти Мингбулоқ туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Мингбулоқнефть” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасига ташриф буюрди. Наманган вилоятида қуриладиган гидроэлектр станциялари лойиҳаси ҳам намойиш қилинди.
11. 7 июль куни “Ўзбекистон” телерадиоканалининг “Биз учун муҳим” ва Халқаро пресс-клуб ҳамкорлигида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг ярим йиллик фаолиятига бағишланган учрашув ташкил этилди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Жавобларда асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари Светалана Ортиқова фаол бўлди. Батафсил мазкур ҳавола орқали танишишингиз мумкин.