АҚШнинг Тошкентдаги Webster университети филиали 2018 йил сентябрь ойидан илк талабаларни қабул қилади.
Келаси йилдан ўз фаолиятини бошлаши кутилаётган университетнинг вице-президенти Питер Махер бошчилигидаги делегация 4 декабрь куни Тошкентга ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад – Тошкентда очиладиган Webster университети филиалига алоқадор ҳуқуқий ва молиявий, шунингдек, техник масалаларни ҳам кўриб чиқишдир.
АҚШнинг Тошкентдаги Webster университети филиали 2018 йил сентябрь ойидан илк талабаларни қабул қилиши кутилмоқда. Мазкур университетда талабалар “Ахборот технологиялари”, “Ахборот хавфсизлиги”, “ОАВни ривожлантириш”, “Бизнес”, “Табиий фанлар” ва “Педагогика” йўналишларида таҳсил олишлари мумкин.
Маълумотларга кўра, университетда дарслар маҳаллий ва хориж ўқитувчилари томонидан инглиз тилида олиб борилади.