...
МЕНЮ
ONLINE TV

Витилиго касаллиги омад олиб келган модель


01:36, 11.02.2016 Олам
 6 445

Шантель Браун-Янг каби ўзини бахтсиз ва омадсиз ҳис этадиган кўплаб қизлар айнан мода оламида ўз ўрнига эга. Ноанъанавий кўринишга эга бўлган инсонлар ҳар қачон мода олами вакилларини қозониб келган.

Сиз суратда кўриб турган қизнинг исми Шантель Браун-Янг. У 1995 йилда Канадада туғилган. Қизалоқнинг баданида пайдо бўлган доғлардан сўнг ота-онаси уни шифокор ҳузурига олиб боришади ва шифокорлар унга Витилиго – терида оқ доғлар пайдо бўлиши касаллиги ташхисини қўйишади. Қизининг дардига куйган онаси уни доимо келажаги порлоқ бўлишини, соғайиб кетишини сўраб дуо қиларди.

Афсуски, мактаб ёшига етганида Шантель жуда оғир кунларни бошдан кечира бошлади. Мактабдошларининг таъналари, масхара қилишлари қизалоқни қаттиқ изтиробга соларди. У ўз жонига қасд қилишни истаган кунлар ҳам бўлган. Гарчи у мода оламига қизиқиб, модель бўлиш орзусида бўлса-да, буни иложсиз деб биларди ва ҳеч нарсага умид қилмасди. Бироқ АҚШга кўчиб ўтишгач, у кўз ёшлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини тушуниб етади ва ўзининг энг яхши суратларини мода агентликларидан бирига йўллайди. 2014 йилнинг 20 февралида “Америкача топ-модель” лойиҳасининг 21 мавсумида Шантелга шоуда иштирок этиш бахти кулиб боқди ва атрофдагиларнинг қистови билан у моделликда ўзини синаб кўрмоқчи бўлди.

Буни қарангки, ушбу шоудан кейин Шантелда ўзига бўлган ишонч пайдо бўлди. У ана шу шоуда бор маҳоратини ишга солади. Бироқ кўрсатувнинг учинчи қисмидаёқ модель қиз сафдан чиқарилади. Айтиш керакки, кўрсатув мухлислари Шантелнинг лойиҳани тарк этганини эшитиб катта ғалаён кўтаришади. Шу аснода у лойиҳанинг 9-қисмида яна сафга қайтади.

Гарчи “Америкача топ-модель” лойиҳасида у бош совринни қўлга киритмаган бўлса-да, дунё бўйлаб миллионлаб мухлисларга эга бўла олди. Шундан сўнг унга турли мода агентликларидан иш таклифи туша бошлайди. Айни дамда у “Desigual и Diesel” компанияси маҳсулотларининг рекламасида иштирок этмоқда. Яқинда у Eminem ва Sia ижросидаги “Guts Over Fear” номли қўшиқнинг клипида ҳам қўшиқчи образида ҳам суратга тушди. 
Умида Якубова

Теглар:Шантель Браун-Янг Витилиго Модель 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Elyor
15:15 12.02.2016

Bir kam dunyo...



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!